Get Mystery Box with random crypto!

Сенат: Ғалати мантиқ Шу кунларда Сенатда ИИВнинг “обрўсизлант | Advokat Abdullayev

Сенат: Ғалати мантиқ

Шу кунларда Сенатда ИИВнинг “обрўсизлантириш қонуни” қизғин муҳокама қилинмоқда. Унга кўра:

195-2-модда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариши чоғида олинган фото- ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Уни ўрганиб чиқиб қуйидаги эътирозларимиз ва мулоҳазаларимиз баҳам кўрмоқчимиз:


Биринчидан, модда матнидаги “фото ва видеотасвирларни” деган қисмида “ва” боғловчиси тенг ва айни пайтда бириктирувчи боғловчи вазифасини бажаришидан келиб чиқсак, модда шу матн ҳолатида маъқулланиб, амалиётга кирса, унда шахс мазкур модда билан жавобгарликка тортилиши учун у ҲМҚО ходимларининг ҳам фото, ҳам видеотасвирларини тармоққа жойлаштирган бўлиши талаб этилади. Фақатгина фото ёки фақатгина видеотасвирни жойлаганлик ушбу модда бўйича жавобгарликни келтириб чиқармайди.

Иккинчидан, матннинг “уларни обрўсизлантириш мақсадида” деган қисмидаги “лар” кўплик қўшимчаси ушбу жумлага икки ёки ундан ортиқ ҲМҚО ходимларини обрўсизлантириш мақсад қилинган бўлиши кераклиги маъносини ифодалаб қўйган. Фақатгина бир нафар ҲМҚО ходимини обрўсизлантиришни мақсад қилганлиги шахсни шу модда билан жавобгарликка тортилишини истисно этади.

Учинчидан, модда матнида, унда ифодаланиши керак бўлган қилмишнинг субъектив томони тўлақонли очиб бера олинмаган. Бу эса, шундай ҳаракатни содир этган ҳар қандай шахсни обрўсизлантириш мақсадини кўзлаган, деб баҳоланаверишига “лазейка” очиб қўяди. Ё айнан шу кўзланяптими?

Тўртинчидан ва асосийси, аввалдан худди шундай қилмишлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида модда мавжуд бўлгани ҳолда (МЖтКнинг 202-2-моддаси) яна қўшимча тарзда ҲМҚО ходимларининг ўзигагина “аталган” яна бир модда киритилишида қандай мантиқ бор? Ёки қонун ижодкори ҲМҚО ларда ишлайдиганлар билан, уларда ишламайдиганларнинг қадр-қиммати ва (ёки) обрўларини бирини бошқасидан устун ёки паст баҳоламоқчими?

Ваҳоланки, амалдаги 202-2-моддада ҳар қандай шахс, у ҲМҚО ходими бўладими, йўқми, қатъий назар уни обрўсизлантириш мақсадида шундай ҳаракатлар содир этганлиги учун жавобгарлик қамраб олинган.

@Advokat_Abdullayev