Get Mystery Box with random crypto!

ДУО МЎМИНГА НАЖОТ “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен | 📚 Ҳикматли сўзлар 📚

ДУО МЎМИНГА НАЖОТ

“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи менга дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар”
(Бақара сураси 186-оят).

Дуо – мусулмонга берилган улуғ неъмат. Бундан ҳар доим фойдаланиш унинг бурчи. Умрнинг ҳар онлари дуо билан ўтиши инсоннинг бахти. У банданинг барча ишларда саодат, роҳат, хотиржамлик ва нажот топишининг улуғ сабаби. Дуо – банда дунѐ ва охиратда қўлга киритадиган барча яхшиликлар калити. У Аллоҳга ёлвориш ва бўйсунишни зоҳир қилиш аломати.

Дуо – ёмонликларни даф этишда, талаб қилинган нарсага етишда энг кучли ва ишончли восита. У энг манфаатли ва шифобахш гиёҳ. Дуо – мусибат ва балонинг душмани, шайтоннинг бошига туширилган гурзи. Дуо қилган кишидан шайтон узоқлашади. Дуони лозим тутган қалб хотиржам қалбдир. Қалбнинг роҳати ҳам шунда. Мунтазам қилинган дуо туфайли ҳар қандай қийинчилик эшиклари очилиб, касаллар шифо топади. Дуо келаётган балони қайтаради ёки енгиллаштиради. Бу иккиси бўлмаган тақдирда эса охиратга захира бўлиб қолади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Банда Роббисига юзланиб дуо қилмоқлигидан Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир, деганлар. Ҳар бир мўмин-мусулмонга шундай ҳолат таниш бўлса керакки, у сон-саноқсиз дуолар қилиб, ҳар бир намозида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ихлос билан ҳожати раво бўлишини сўрайди-да, лекин ҳеч нарса олмайди. У: Нимага Аллоҳ дуоларимни жавобсиз қолдиряпти? деб савол бера бошлайди. Биринчидан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дуоларингизни шак шубҳасиз эшитмоқда. Аллоҳ Эшитгувчи, кўрувчи Роҳийм Зотдир.

Биз овоз чиқариб айтмасак-да, У ҳар нарсани эшитади ва билади. Модомики, дуоларимиз мустажоб бўлмаяпти, демак, Аллоҳнинг иродаси шудир. Эҳтимол, сўраётган нарсамиз биз учун зарарли бўлиб бизни бахтли қилолмас. Бизнинг билимимиз чегараланган бўлиб, Аллоҳнинг илми ва раҳмати чексиз ва кенг қамровлидир. Дуолар қабул бўлмаслигининг баъзи сабаблари ҳадисда: Банданинг дуолари ижобат бўлаверади, токи у гуноҳ нарса сўрамаса, силаи раҳмни тўхтатмаса ва шошқалоқлик қилмаса деб келган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсон қандай қилиб шошқалоқлик қилди деб сўрашганида: Сизнинг бирортангиз, модомики, шошилиб дуо қилдим, ижобат бўлмади деб айтса, дедилар. Мўмин дуо қилаётганда нима бўлиши ҳақида ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мўмин гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик ришталарини узмасдан дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга бунинг сабабидан уч хислатдан бирини беради: унинг сўраганини тезда беради ёки сўралган нарсанинг мислича яхшиликни унинг учун сақлаб қўяди, ёки сўралган нарсанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди , деб айтдилар

Пайғамбар алайҳис салом марҳамат қиладилар: “Дуодан ожизлик қилманглар. Чунки дуони лозим тутганлар ҳаргиз ҳалокатга учрамас” (Ҳоким ривояти).

Бошқа ҳадисда эса: “Дуода ожизлик қилган киши инсонларнинг ожизидир”, – дейилган (Табароний ривояти).

Бўш вақтни дуо ва зикрда ўтказиш – нақадар бахт. Чунки бу Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 41–42-оятларида “Эй мўминлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Эрта-ю кеч унга тасбеҳ айтинглар”, – деб хитоб қилган.

Аллоҳни зикр қилишда банда учун улуғ манфаатлар бор. Аллоҳни зикр қилганни Аллоҳ зикр қилади. “Мени эсласанглар, мен сизларни эслайман”, (Бақара, 152) деган оят бунинг исботидир.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Дуога интилинглар. Кўп тақиллатилган эшик ҳаргиз очилмай қолмас”.

Мақсадимиз, яхши ниятда дуога очилган қўлларимиз қуруқ қайтмасин. Ҳар ким дуо қилганда ўзгаларни ҳам асло унутмасин.

Яқинларга ҳам улашинг
@AbuYusuf_official
@Hikmatlisozlarbot