Get Mystery Box with random crypto!

ҚИССАДАГИ ИБРАТ - 66 Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг 'Ат- | Abdulqodir Samarqandiy

ҚИССАДАГИ ИБРАТ - 66
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Ат-туруқул ҳукмийя" номли китобида келтиради:
"Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб бир аёл эри ҳақида гапириб деди:
- У дунё аҳлининг энг яхшисидир. Кечалари қоим, кундузлари рўзадор!

Сўнгра аёл ҳаё қилиб гапира олмади. Умар розиёллоҳу анҳу аёлга деди:
- Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин. Эрингни жуда яхши мақтадинг!

Аёл кетгач, Каъб ибн Сур Умар розиёллоҳу анҳуга деди:
- Эй мўъминлар амири! У сизга шикоят қилиб келди, мақтамади!
Умар розиёллоҳу анҳу сўрадилар:
- Нимадан шикоят қилди?!
- Эридан!
- Иккисини ҳам менинг олдимга чақиринглар!

Улар келгач Умар розиёллоҳу анҳу Каъбга дедилар:
- Улар орасида сен ҳукм қил!
Каъб сўради:
- Эй мўъминлар амири! Сизнинг олдингизда ҳам ҳукм қилаверайми?!
Умар розиёллоҳу анҳу дедилар:
- Ҳукм қилавер. Сен мен англамаган нарсани англабсан!
Шунда Каъб аёлнинг эрига қараб деди:
- Аллоҳ таоло: "Ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг!", дейди. Сен уч кун рўза тут. Бир кун хотининг учун рўза тутма. Уч кеча таҳажжудга тур. Бир кун хотининг учун таҳажжудга турма!

Буни эшитган Умар розиёллоҳу анҳу дедилар:
- Бу аввагилардан ҳам қизиқ бўлди-ку!

Сўнгра Каъбни Басрага қози қилиб жўнатдилар".

Бу ерда аёлнинг эри устида тўрт кунда бир ҳаққи борлиги айтилаяпти.
Ҳазрати Умардек закий инсон аёлнинг илк гапларидан унинг мақсадини англамаяптилар. Аммо у кишидан мақоми паст бзлган инсон Каъб ибн Сур уни тушунаяпти. Биз тавозули умматмиз. Биримизни бошқамиз тўлдирамиз. Биздан бошқалар ҳақни кўриб қолса фикримиздан воз кечишдан ор қилмаймиз, хижолат бўлмаймиз. Аксинча, биздан бошқалар ҳақни кўриб бизни ҳаққа чорлаганидан шодланамиз!
Бу дин васатийлик асосида бино бўлган, мўътадил диндир. Бунда ҳаддан ошиш ҳам, дангасаликка йўл қўйиш ҳам йўқ. Бунда таркидунёчилик ҳам, ғаризаларимиз ортидан югуриш ҳам йўқ. Бунда дунёдан воз кечиш ҳам, унинг ортидан итдек югуриш ҳам йўқ.
Биз фақатгина молни мақсад қилиб, унинг ортидан югуриб умримизни ўтказмаймиз. Уни мутлоқ тарк ҳам қилмаймиз. Зеро мол ҳаёт ғилдирагидир. У бошқалар олдида бизнинг юзимиз сувини тўкилишдан асрайди.
Биз ишга ўзимизни, хотинимизни ва бола-чақамизни унутар даражада киришиб кетмаймиз. Инсонни бошқаларга муҳтож қилиб қўяр даражада дангаса ҳам бўлмаймиз.
Бизда радикаллик йўқ, биз такфирчи эмасмиз. Бизда дангасалик ва ҳафсаласизлик йўқ. Биз ҳар нарсани ўз ўрнига қўямиз. Бунинг номини ҳикмат дейилади. Кимга ҳикмат берилган бўлса унга кўп нарса берилибди!

https://t.me/Abdulqodir_Polvonov