Get Mystery Box with random crypto!

СЎНГГИ БОР ОНАНГНИ ҚАЧОН ЙЎҚЛАДИНГ?! Кимга қуллуқ қилиб, кўнг | Abadiy SadoUz

СЎНГГИ БОР ОНАНГНИ ҚАЧОН ЙЎҚЛАДИНГ?!

Кимга қуллуқ қилиб, кўнглин тўқладинг,
Тунлари хотиржам, беғам ухладинг.
Битта саволимга жавобинг борми,
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Зор эмас эди-ку бир қучоқ гулга,
Ёки совға-салом, мол-дунё, пулга,
Аччиқ тилларингни ботириб болга,
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Ҳатто, ёринг кутмай, ухларди тунда,
Бир онанг йўлинг пойларди шунда,
Шундайин муҳаббат ҳаққи учун-да
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Даврон сурдинг тўй-у тантаналарда,
Хаёлинг нозанин, жаноналарда,
Жаннатнинг калити шу оналар-да,
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Боланг билан единг ёғли паловлар,
Уйингнинг тўрида турди бировлар,
Унинг овлоқ кўнглин, айт-чи, ким овлар,
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Пеш қилма қачондир берган молингни,
Онанг нима қилар бу газмолингни!?
Кўриб юрсам, дейди шу жамолингни,
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Юрибсан-да бугун, амалдор жўра,
Ишларинг кўп, вақтинг топилмас сира,
Ҳеч бўлмаса, битта сим қоқиб кўра,
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Гоҳ дунё қувладинг, гоҳида мансаб,
Гоҳ дилин оғритиб, айладинг ғазаб,
У фақат йиғлади, боласин қумсаб,
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Онаси йўқлардан бир сўра, қани,
Қаердан беминнат меҳр топгани,
Қабр эшикларин очмасдан ҳали,
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!

Бугун бор! "Онажон, боримсиз", - дегил,
Оёқларин ўпиб, саждага эгил,
Вафо Мўмин, ахир, жавобин бергил:
Сўнгги бор онангни қачон йўқладинг?!
Вафо Мумин.
https://t.me/AbadiySado_uz