Get Mystery Box with random crypto!

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади Давлатими | Aktam XAITOV | rasmiy kanal

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

Давлатимиз раҳбарининг Миср Араб Республикасига ташрифи мамлакатимизнинг икки томонлама алоқаларини ривожлантиришни янги босқичга кўтаради. Шунингдек, Африка давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга ижобий таъсир қилади.

Маълумки, шу йил 20-21февралдаги ташриф жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ўртасида Қоҳирада Олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида давлат раҳбарлари икки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар - Янги Ўзбекистон стратегияси ва Мисрнинг “Янги Республика” дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида якдил фикр билдирдилар.

- Биз биргаликда нафақат икки мамлакат ўртасида, балки стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган минтақаларимиз орасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этишни мақсад қилганмиз, - деди давлатимиз раҳбари.

Давлат раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликда мавжуд улкан имкониятлар ва салоҳият тўлиқ ишга солиш мақсадида савдони кўпайтириш учун амалий механизмлар ва самарали чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Биргаликда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Давлатимиз раҳбари яна бир бор Миср компаниялари мамлакатимизда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириши учун барча шароитлар яратилишини билдирди.

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттиришга аҳдлашиб олинди.

Етакчилар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ушбу мамлакат халқига кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни сусайтирмаслик зарурлигини таъкидладилар.

Халқларимизни умумий дин, ўхшаш анъана ва урф-одатларга асосланган азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Шу муносабат билан илм-фан ва таълим алмашинувлари, умумий тарихий ва маданий меросимизни биргаликда ўрганиш, ёшлар ўртасидаги ва ижодий алоқаларни кучайтириш масалалари икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартибида алоҳида ўрин эгаллаши таъкидланди.

Президентимиз буюк аллома бобомиз Аҳмад Фарғонийнинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида икки мамлакат олимларининг дўстлик илмий жамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи ва амалга оширилган келишувлар икки томонлама муносабатларни халқларимиз фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади.

@a_xaitov