Get Mystery Box with random crypto!

​​НОШУКУР БАНДА... (Ўзи бой лекин хеч миннатдор бўлмайдиган ў | Abdurahmon Meshayan

​​НОШУКУР БАНДА...

(Ўзи бой лекин хеч миннатдор бўлмайдиган ўртахол жигарлари борларнинг дарди. Бутун оламдан қарзинг оқиб ётади, жигарларинг сенга дастак бўлиш ўрнига сени маънан эзади. Сен эса Аллоҳдан қўрққанинг учун силаи раҳмни узмайсан, узолмайсан. Чидайсан не-не ўзинг муносиб бўлмаган юз қароликлару, шармисорликларга ҳам )

Қўй инъом айласам, арқон сўрадинг,
Патир узатгандим талқон сўрадинг.
Боғимда мевалар пишди тер десам,
Яна уялмасдан нарвон сўрадинг.

Дединг: Уйим тордир шўрдир пешона,
Сен-чун қаср қурдим қилмай бегона.
Э вох уялмасдан талаб айладинг,
Қурмоқни бунданда баланд кошона.

Новвот йўқми дединг қуйиб берсам чой,
Тулпор берсам яна қўшинг дединг той.
Фақир бўганлигинг имтиёзингми,
Менинг гуноҳимми бўлганлигим бой?

Сен учун уриндим суриндим бироқ,
Лек сенинг ичингда ёришмас чироқ.
Сен-чун либос олсам арзони дейсан,
Жип олиб берсам хам сен-чун шалдироқ.

Сенга керак бўлса бирор бир ёрдам,
Менинг укамлигинг ёдингда ҳар дам.
Аммо аканглигим ёдингдан чиқар,
Менга керак пайтда йўқламайсан ҳам.

Хар гал сени кўрсам ғам чекиб ғоят,
Ёдимга тушади эски ривоят.
Бир пайтлар бор экан икки ялқов зот,
Бири бирисидан ялқов бағоят.

Бир кун диёрларин сув босса лекин,
Бири эй Худо деб ёлвормиш секин.
Шунда унга демиш ялқов шериги,
Менинг ўрнимга хам ё Худо дегин.

Қачон инсонлардек ишлагинг келар,
Йўқ сен ишламасдан тишлагинг келар.
Кузда хирмонингни тўлдирмай қишда,
Менинг ҳисобимга қишлагинг келар.

Сендан бошқа ташвиш йўқми айт манда?
Шукр қилмайдиган ношукур банда.
Бир кун бу дунёдан мен кетсам агар,
Бу кетишда холинг не кечар жигар?

Туйинг қилиб берсам чиқарганча сас,
Раҳмат демасанг хам майли эй нокас.
Нега уйлантирдинг эди ўрнимга,
Чимилдиққа ўзинг кир демасанг бас!

@A_meshayan
03:00-23-сентябр 2015-йил
Абдурроҳман Мешаян