Get Mystery Box with random crypto!

​​#Бир #йил #олдин #ёзилган #шеър ​​ЖУЛАЙБИБ (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ | Abdurahmon Meshayan

​​#Бир #йил #олдин #ёзилган #шеър

​​ЖУЛАЙБИБ (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ)

Қорачадан келган,
Бўйи паст.
Уйи ҳам йўқ,
Оддий либосли.
Егуликка недир топса ер,
Топмаса –
Рўзадор!
Ихлосли!

Тўшаги – ер,
Осмон – ёпинчиқ,
Ёстиғидир икки ковуши.
Масжидун-Набавий ёнида,
Суффада кечарди турмуши.

Бир кун ўтираркан саҳобалар-ла,
Биз уммати бўлган ул азиз Ҳабиб.
Тилда зикр, дилда чин тавбалар-ла,
Уларнинг олдидан ўтмиш Жулайбиб.

“Анави ким биласизларми?
Расулуллоҳ бермишлар савол.
“Анави ким биласизларми?”
Жавоб йўқдир, саҳобалар лол.

Чунки саҳобалар кўзлари,
Бу кимсага тушмаган эди.
Сўнгра Пайғамбарнинг ўзлари,
"Бу зот асли Жулайбиб", деди!

Сўнгра Жулайбибни ёнига чорлаб,
Саволга тутдилар Пайғамбаримиз:
Бир гўзал сўровга жуфтладилар лаб,
Энтикиб кетамиз тинглаб баримиз:

“Эй Жулайбиб, уйланмайсанми?

Оғиздан қуш каби учмади нолиш,
Бош эгилиб,
Ёшланмади кўз.
Янграмади асло даркор тан олиш,
“Қийналиб қолганман”, деган сўз.

Фақат деди: "Ё Расулуллоҳ,
На моли бор, на мансаби бор.
Жулайбибга ким хам қизини
Берар эди?
Ким ҳам бунга зор?"

Бу ҳол бўлгач икки бор такрор,
Расулуллоҳ сўз бошлаб секин:
Дедиларки: "Бир ансорим бор,
Уйига бор ва шундай дегин:

“Расулуллоҳ айтдилар салом,
(Овозлари бўлгандир майин)
Қизингизни менга турмушга,
Бермоқликни қилдилар тайин”...

Ансорий саҳоба не дейишга лол,
Қизи ансория аёллар аро.
Энг гўзали эди ҳам соҳибжамол,
Йигитнинг-чи юзи кўримсиз қаро,
Ахир бу не ҳолат ахир бу не ҳол
Йигитда йўқ эди на чирой, на мол...

Ансор деди: "На иш, на молингдир бор,
Қандоқ қилиб сенга берадирман қиз?"
Ансорнинг ёри ҳам айларди такрор:
“Шу Жулайбибга қиз берармизми биз?”

Ортга қайтармоқчи бўлишди уни,
Аммо шу он деди пок солиҳа қиз:
Эй отажон!
эй онажоним!
Қандоқ ортга қайтарадурсиз,
Расулуллоҳ номидан совчи
Бўлиб келган бу йигитни сиз?

“Аллоҳга қасамки, мен шу инсонга
Турмушга чиқаман. Қиз қилганди аҳд.
Қаранг эътиқодга, қаранг иймонга,
Расулнинг сўзига кирмоқ бунча бахт?

Дуч бўлинг ибратнинг бир нечасига,
Ибрат олмоқликни истасангиз гар.
Тўй ўтди. Висолнинг илк кечасига,
Яқин қолган чоғда жарчи солди жар:

“Динингизнинг ҳимояси учун чиқинг!
Динингизнинг ҳимояси учун чиқинг!

Асли Мадинада энг гўзал қизни,
Берилмай энг ширин лаҳзаларига.
Қолдирди..
Нафсига букмасдан тизни,
Жулайбиб қўшилди аскар сафига.

Жангда мусулмонлар қучдилар зафар,
Аммо ўлди баъзи саҳобалар ҳам.
Жанг кечган майдонга келиб бу сафар,
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Бир бир изладилар саҳобаларни...

– Фалончи ўлибди...
– Эҳ, фалончи ҳам...
– Ҳатто фалончи ҳам тирик қолмади.
Аммо бирор киши ҳатто ушбу дам,
Жулайбибни тилга олмади...

Ўшанда Муҳаммад алайҳиссалом,
Жулайбибнинг ғамин едилар.
Ҳабибни, яъники бир содиқ дўстни,
Йўқотмадингизми дедилар?

Саҳобалар ҳайрон.
Мутлақо ҳайрон!
Урушда жон берган душман йиқишган.
Эдиларда ахир қалб бўлиб вайрон,
Ҳамма саҳобани санаб чиқишган.

Сўнг дедилар: "Ким у сиз айтётган дўст,
Эй Ҳақ Расули?.."
Ёш сидирмоқдаман...
Сўзладилар Ҳақнинг энг буюк қули:
“Дўстим Жулайбибни қидирмоқдаман”...

Жулайбиб жасадин қидириб топиб,
Динга бўлгани-чун чин камарбаста.
Унинг бошин қўйиб тиззаларига,
Шу сўзни Пайғамбар айтдилар аста:

“Сен Мендансан ва Мен сенданман”
“Сен Мендансан ва Мен сенданман”
“Сен Мендансан ва Мен сенданман”...

Бироз ўтгач пок Расулуллоҳ,
Бошларин бошқа ён бурдилар.
Бир ҳикмат бор бунда ё Аллоҳ,
Қуръон-ла хулқланиб юрдилар.

Пайғамбарга бўлганди аён,
Ҳеч тафаккур қиласизларми?
Сўнг дедилар: “Бошим бошқа ён
Нега бурдим биласизларми”?

Ҳаққа қасам, ул Жулайбибнинг,
Ҳурдан бўлган пок хотинлари.
Уни бағир босмоқлик учун,
Талашганча келарди бари.

Сўнгра юзим бурдим бошқа томонга,
Жулайбибнинг рашки ёдимга тушиб”.
Сўнгра юзим бурдим бошқа томонга,
Жулайбибнинг рашки ёдимга тушиб”...

О азиз Жулайбиб, шаҳид Жулайбиб,
Мендек бир қул эса эсини еган.
Кибрланар..
Гўё унга ҳам Ҳабиб,
“Сен Мендансан ва Мен сенданман”, – деган.

Ўз ўзимга энди шудир дуоим:
Ерда мени майли уч кимса билсин!
Энди шудир мақсад шу муддаоим,
Роббим осмонида таниқли қилсин!

@A_meshayan
20:54-01.02.2020
Абдураҳмон Мешаян