Get Mystery Box with random crypto!

​​ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАКЛАРИ Салом дўстим, азизим, Қадрингиз баланд ғ | Зартепа махалласи

​​ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАКЛАРИ

Салом дўстим, азизим,
Қадрингиз баланд ғоят.
Йилнинг охирги куни,
Кириб келди ниҳоят.

Бугун тунда янги йил,
Келгайдир виқор билан.
Қайда ёмғир шивирлаб,
Қайда эса, қор билан.

Тилагим, янги йилда,
Янги бахтлар ёр бўлсин.
Уч юз олтмиш беш кун ҳам,
Умидингиз бор бўлсин!

Сочилсин йўлингизга,
Наманганнинг гуллари.
Аримасин чўнтакдан,
“Кал бобо” нинг пуллари.

Самарқанднинг нонидай,
Азиз бўлсин бошингиз.
Бухоро миноридай,
Мингга етсин ёшингиз.

Кенг қилинг кўнглингизни,
Қорақалпоқ чўлидай.
Бурро бўлсин тилингиз,
Боғларнинг булбулидай.

Қизлар бахтли бўлишсин,
Борган жойда тош қотиб.
Йигитлар муҳаббатда,
Қолмасинлар бош қотиб.

Уйланганлар яшашсин,
Кипригу ҳам қошдайин.
Ёғли бўлсин рўзғори,
Андижонча ошдайин.

Бугун байрам қилайлик,
То қуёш уйғотгунча.
Шодлайлик кўнгилларни,
Фарғона тонг отгунча.

Овозингизга овоз,
Берсин дейман Худойим.
Тошкент пиёласидай,
Жаранглаб турсин доим.

Қалбингизнинг учқуни,
Олов бўлсин ловуллаб.
Юракда оқсин меҳр,
Сирдарёдай шовуллаб.

Жиззахнинг тоғларидай,
Баланд бўлсин бошингиз.
Ризқингизни Ҳақ берсин,
Ҳалол бўлсин ошингиз.

Кийганингиз ҳамиша,
Бўлсин бренднинг зўри.
Еганингиз доимо,
Қашқадарё тандири.

Вафодор дўстларингиз,
Ёнингизда тўп бўлсин.
Сурхондарё анорин,
Донасидай кўп бўлсин.

Навоий олтинидай,
Зангламасин бахтингиз.
Мана шу олтинлардан,
Кам бўлмасин нақдингиз.

Бугун байрам, янги йил,
Кўнгил ёзиб, куйлаймиз.
Хоразмча “Лазги” ни,
Қўйинг дўстим ўйнаймиз.

Тилагим, янги йилда,
Янги бахтлар ёр бўлсин.
Уч юз олтмиш беш кун ҳам,
Умидингиз бор бўлсин!

Ўлмасбек Самарқандий.