Get Mystery Box with random crypto!

'РАМАЗОН' Сен сабаб тийилди ёлғон сўзлар ҳам, Номаҳрамдан қоч | ♡♡YOMG'IR♡♡

"РАМАЗОН"

Сен сабаб тийилди ёлғон сўзлар ҳам,
Номаҳрамдан қочар бўлди кўзлар ҳам.
Ибодатда сергак турдик бизлар ҳам,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Иймонда забардаст бўмоқлик учун,
Кун-у, тун дуода юрмоқлик учун.
Савобли амаллар қилмоқлик учун,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Хайр-у, саховатлар улашиб такрор,
Яхшилик йўлида курашиб такрор.
Энг эзгу ниятлар тилашиб такрор,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Тунлари "қоим"лик қилмоқлик учун,
Ибодатни азиз билмоқлик учун.
Аллоҳга суюкли бўлмоқлик учун,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Хар онинг ғанимат, ҳар фурсат азиз,
Яхшиликдан қолар дилда гўзал из.
Келишингни қумсаб йўлинг пойлаймиз,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Номингни улуғ деб, билмайлик нечун?
Хар берган неъматинг эзгулик учун.
Хамиша кўрсатиб "соф Ислом" кучин,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Ўзинг ойлар ичра улуғ, танҳосан,
Даҳолардан ўтар буюк даҳосан.
Фурсат ўтганда ҳам такрор-такрор сан,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Қалбда қолар бўлди мехрингдан излар,
Йил бўйи юрак чин номингни сўзлар.
Вафот этмай турсак агарда бизлар,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Дилларга ёвузлик етмай туриб сен,
Қалбларни гунохлар чертмай туриб сен.
Иймоннинг куввати кетмай туриб сен -
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!

Жаннатга савобдан қўрғон қурамиз,
Шу сабаб ҳамиша дуо қиламиз.
Насиб қилса сени кутиб турамиз,
Яна йўқлаб келгин бизни "Рамазон"!