Get Mystery Box with random crypto!

Болам, менга ҳасса олиб келдингми? Ўзингга суянсам бўлмасми, б | 𝒁𝒂𝒌𝒊𝒚𝒚𝒂𝒖𝒛

Болам, менга ҳасса олиб келдингми?
Ўзингга суянсам бўлмасми, болам?
Болам, тугаяпман чоғи, билдингми?
Кетсам, сенга оғир бўлмасми болам?

Болам, қўлларимда қолмади мадор.
Болам, оёғимда қувват қолмади.
Бир кун соғ ўтирсам, етти кун бемор,
Кўргулик суврату сумбат қолмади…

Болам, кўзларимда xиралашди нур,
Кўксимда илвираб тугаяпти жон.
Болам, саломингни эшитмоқ хузур,
Болам, юзларингни кўраман қачон?

Болам, келишингдан кетишларинг тез.
Бу дарду безорга дийдоринг малҳам.
Йўлингга кўз тикиб кутсаму ҳар кез,
Болам, менга айтар гапинг мунча кам?

Болам, дуоларда Худодан сўриб,
Туққанда қувончдан йиғлаган болам,
Тўққиз ой танимда кўтариб юриб,
Уч кунга уйига сиғмаган болам.

Дийдаси қаттиғу зардаси оғир,
Дунёнинг ишидан ортмаган болам,
Дўсту бегонага етган вақти бир,
Қўнғироқ қилишга етмаган болам!

Кўнглим узилмайди кўзим узсам хам,
У ёғи оз қолди, билдингми, болам?
Қўлингдан тутай деб қўлларим чўзсам,
Менга ҳасса олиб келдингми, болам?!

@zakiyyauz