2022-11-18 18:55:05
ОТАЖОНИМ
Хаёлимда болалигим - бахтли оним,
Гўзалликка тўла эди бу жаҳоним;
Тақдир раво кўрди нечун митти жоним~
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
Бола эдим, нодон эдим борингизда,
Қувноқ эдим, шодон эдим борингизда,
Ғам не билмас осмон эдим борингизда,
Дийдор бизга армон бўлди отажоним.
Қизим, дея тутардингиз қўлларимдан,
Тополмайин ҳайронаман йўлларимдан,
Сизсиз ўтган умрим ўнгу сўлларимдан,
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
Сизга муҳтож бўлган ўксик дил йиғлайди,
Кўз ёшимга дунё тўлиб сел, йиғлайди
Ярим кўнглим тўлдиролмай эл йиғлайди,
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
Гоҳ қидириб қолгум босган изингизни,
Хаёлимдан унутолмай юзингизни,
Тушларига кириб туринг қизингизни,
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
Қанотимнинг бири синган, учолмасман,
Отам, дея бир бор сизни қучолмасман,
Келарсиз деб, ҳамон умид узолмасман,
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
Шамс нурини меҳрингизга йўйдим сизни,
Яқинларим нигоҳида кўрдим сизни,
Соғинганда дунёлардан сўрдим сизни,
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
Сиз эдингиз суягувчи тоғим менинг,
Сизсиз сўлиб қолмиш энди боғим менинг.
Бўғзимдаги қотиб қолган оҳим менинг,
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
Бошимдаги тожу тахтим -савлат отам,
Борингиз ҳам экан бахтим - давлат отам,
Ҳижронлардан дилим тўла ҳасрат отам,
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
Қиблагоҳим, бўлай сиз-чун ибодатда,
Жаннатларда юринг мудом фароғатда,
Кўришмоқлик насиб бўлсин қиёматда,
Дийдор бизга армон бўлди, отажоним.
153 viewsКармана т.н Янгихаёт МФЙ Т.И.КЕНЖАЕВА, 15:55