Get Mystery Box with random crypto!

Аллоҳ таоло Ўз каломи учун нега араб тилини танлаб олди?       | Yaasin_uz

Аллоҳ таоло Ўз каломи учун нега араб тилини танлаб олди?
              Маълумотларга қараганда, дунёда беш мингдан ортиқ тил ва шевалар бўлиб, бугунги кунимизгача улардан беш юзга яқини сақланиб қолган экан. Бу тилларнинг ҳар бирида, албатта, ўзига хос хусусиятлар, бошқа тилларда учрамайдиган қирралар бўлади.
Аммо Оламларнинг Роббиси бўлган Зот Ўз каломи Қуръони карим учун шу тилларнинг ичидан айнан араб тилини танлаб олди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
و لقد ضربنا للناس في هذا القرءان من كل مثل لعلهم يتذكرون
«Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамларга турли мисоллар келтирдик. Шоядки эсласалар. Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (тушурдикки), шоядки тақво қилсалар»(Зумар сураси, 27-28 оятлар).
إنا أنزلنه قرءانا عربيا لعلكم تعقلون
«Албатта биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик. Шоядки ақл ишлатсангиз» (Юсуф сураси 2-оят).
Бошқа бир оятда шундай дейди:
كتب فصلت ءاياته قرءانا عربيا لقوم يعلمون
«Биладиган қавмлар учун арабий Қуръон ўлароқ оятлари муфассал баён қилинган Китобдир»(Фуссилат сураси 3-оят).
Қуръони карим араб тилида нозил бўлган экан, келинг, араб тилининг айрим ажойиб қирраларини ўрганиб чиқамиз:
1. Араб тилида луғат китобларидан фойдалана олиш учун, бошқа тиллардаги каби алифбонинг ўзини билиш кифоя қилмайди. Балки араб алифбосидан ташқари сарф илмини ҳам ўрганиш керак бўлади. Масалан, استكبر (истакбаро) феълини луғат китобларининг الف(алиф) سين (син) تاء (та) ҳарфларидан эмас, балки كاف (каф) ҳарфидан қидирилади.
2. Кўп ишлатиладиган сўзларда енгилчилик яратилган. Масалан, خير (хойр) сўзи аслида أخير (ахяр) бўлган. Енгиллик юзасидан ҳамза ҳазф бўлган.
3. Араб тилида ة (тои марбута) ҳарфининг ўзигина турли сўзларда турли вазифаларни бажариши мумкин. Масалан, شجرة (шажаротун) деган сўзда «битта» деган маънога далолат қилса, حائض (ҳааизун) (мутлақ ҳайз кўрувчи аёл) сўзига қўшилиб келса حائضة (ҳаизатун) бўлиб, аёлнинг айни вақтда ҳайз кўриб турганлигига далолат қилади.
4. Араб тилида шундай сўзлар борки, у сўз бир-бирига зид бўлган икки маънони ҳам англатади. Унинг қайси маънода келаётгани гап оқимидан тушуниб олинади. Масалан, القسط (алқист) сўзининг ҳам «адолат», ҳам «зулм», درس (дароса) феълининг ҳам «ўрганиш», ҳам «унутиш» маънолари бор.
5. Араб тилида ҳарфлари ўхшайдиган сўзларнинг маънолари ҳам баъзида ўхшайди. Масалан, آب تاب ثاب ناب آن آتى сўзларининг ҳар бирида «қайтмоқ» маъноси бор.
6. Араб тилида маъноси бир хил, кўриниши эса бошқа-бошқа сўзлар кўп бўлгани каби, битта сўз кўп маънони англатиши ҳам мумкин. Масалан, أَوَّاهٌ (Аввааҳ) сўзи ҳақида «Тафсири Қуртубий» китобида ўн бешта маъно саналган:
1. Кўп дуо қилувчи (Ибн Масуд айтганлар);
2. Аллоҳнинг бандаларига раҳмли (Ҳасан ва Қатода айтганлар);
3. Аниқ ишонувчи (Ато ибн Абу Рабоҳ айтганлар);
4. Мўмин (ҳабашларнинг луғатида. Ибн Аббос айтганлар);
5. Тасбеҳ айтувчи (Саид ибн Мусайяб айтганлар);
6. Аллоҳни кўп зикр қилувчи (Уқба ибн Омир айтганлар);
7. Кўп Қуръон ўқувчи (бу ҳам Ибн Аббосдан ривоят қилинган);
8. «Оҳ» тортувчи;
9. Фақиҳ (Мужоҳид, Нахаий айтганлар);
10. Тазарру қилувчи, хушуъли (Набий алайҳиссаломдан ривоят қилинган);
11. Хатолари айтилса истиғфор айтадиган;
12. Гуноҳларда кўп «оҳ» тортувчи;
13. Яхшиликни билдирувчи (Саид ибн Жубайр айтганлар);
14. Меҳрибон, шафқатли;
15. Аллоҳ таоло ёмон кўрадиган нарсалардан қайтувчи.
7. Қуръони каримда шундай жумлалар борки, улар олд томондан ўқилса ҳам, орт томондан ўқилса ҳам бир хил ўқилади (ҳаракатларни ҳисобга олмаганда). Масалан, ربك فكبر (Муддассир сураси 3-оят).
8. Араб тилидаги кўпгина сўзлар бошқа тилларга ҳам кўчиб ўтган. Масалан, иқтисод фанидаги «инфляция» атамаси انفلس (инфаласа, ҳонавайрон бўлмоқ, камбағал бўлиб қолмоқ) сўзидан, «алкогол» сўзи эса الكحول (алкуҳул, спирт) сўзидан олинган.
9. Араб тилидаги баъзи сўзлар асл маъносидан кўра кўчма маъносида кўпроқ ишлатилиб келинган. Масалан,روى (роваа) аслида «суғормоқ», «сувга қондирмоқ» каби маъноларни англатади. Илмий истелоҳда эса бу феъл бир инсон бошқа инсонга бир маълумотни тўлиқ етказиб, уни сув билан қондиргани каби маълумотлар билан қондирганда ишлатилади. Шунда иккинчи инсон биринчисидан маълумот олиб, қониб, уни ривоят қилган бўлади.