Get Mystery Box with random crypto!

​Иши йўқ ит суғорар, дейдику. Тошкент шаҳар ИИББ ижарачи қизл | Xushnudbek - o‘ta shaxsiy

Иши йўқ ит суғорар, дейдику.

Тошкент шаҳар ИИББ ижарачи қизларни чиқараётган аёл ҳақида ролик суратга олган 1-курс талабасини топиб, у билан профилактик суҳбат ўтказибди ва узр сўраттирибди. Яна қўшимчасига ёш талабага "сохта обрў орттириш мақсадида" дея тамға ҳам қўйибди.

Вооо, баракалла, жуда катта жиноятчини ушлабсизлар, қойил сизларга. Пойтахтда ИИББ курашадиган бирорта жиноят қолмадими, нима бало? Бутун Тошкент қонунларга бўйсуниб яшаётганидан зерикиб ўтирганмидингларки, бечора талабани қидириб топиб, салкам 1 кун вақтингизни шунга сарфлабсизлар.

Хўп, сизлар ҳақингизда яхши гумонда бўлиб, дастлаб резонансли видеони ҳақиқат деб ўйлаб, ўша аёлни қидиргансизлар, ҳам дейлик. Аммо кейин бунинг саҳналаштирилгани маълум бўлгач, талабани омма олдида сазойи қилиб бало бормиди?

Дард устига чипқондек, Тошкент шаҳар ИИББ каналида ушбу видео тагига "Интернетда тарқалаётган видеоларнинг ҳаммаси ҳам ҲАҚИҚАТ ЭМАС" деб ёзиб ҳам қўйишибди.

Нимаси ҳақиқат эмас? Уй эгалари Россия фуқаролари оқими кўпайгани учун ижара нархини отнинг калласидек қилиб олгани ҳақиқатмасми? Куппа-кундуз куни пул учун уйидан ижарачиларни кўчага ҳайдаб чиқараётгани, талабалар оёғи куйган товуқдек ижарага уй қидириб юргани ёлғонми? Минглаб уй эгалари лафзидан қайтиб, "ёки қимматроқ тўлайсан, ёки чиқиб кет", демаяптими нима бало? Унда Тошкент шаҳар ИИББдагилар кўрми ёки карми?

Қачондан буён бирор ўткир муаммоли вазиятга бағишлаб ролик суратга олиш қонунбузарлик ёки сохта обрў орттириш бўлиб қолди? Қачон буён ички ишлар органлари эркин ижодни таъқиб қилмоқда?

Ижтимоий тармоқларда нега бу ролик кескин ва нафрат билан кутиб олинди, биласизларми? Чунки видеодаги бу ҳолат — АЙНИ ҲАҚИҚАТ! Ўн минглаб одамларнинг ДАРДИ бу!

Шармандалик! Тошкент шаҳар ИИББ қилган ишдан уялиб кетдим очиғи.

Ўша 1-босқич талабаси ва унинг курсдошлари фаолиятига эса омадлар тилайман! Ҳали энди бошланғич курс бўлишига қарамасдан, яхши саҳналаштириб, худди реал ҳаётга ўхшатиб суратга олибди, баракалла. Агар ўқишдан бўш вақтида имкони ва хоҳиши бўлса, бажонудил ЎзА Медиа марказига ишга олишга ҳам тайёрмиз. Бизга айнан шу каби ўткир ва ҳаётий репортажлар етишмаяпти.

P.S.: айтганча, бу постни мен ҳам "сохта обрў орттириш мақсадида" ёздим. Мени ҳам профилактик суҳбатга чақиришларингиз мумкин, тайёрман.


@xushnudbek