Get Mystery Box with random crypto!

​САФАР ОЙИ ҲАҚИДА Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-саноларимиз ва | Xonobodziyo.uz

САФАР ОЙИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-саноларимиз ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд саловотларимиз бўлсин! Аллоҳга шукрки, мана сафар ойига ҳам соғ-саломат етказди. Ҳалқимизда манашу сафар ойи келганда турли хил гап-сўзлар кўпаяди. Сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди ва ҳоказо. Шариатимизда Сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, деган кўрсатма йўқ. Аксинча, бу ойда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизга, Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу эса Фотима онамизга тўй қилиб, уйланганлар.
Аслида маълум бир ойни фазилатли ё хосиятсиз, дейиш учун динимизнинг мўътабар саналган манбаларидан далил керак бўлади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда Сафар ойининг хосиятсиз экани тўғрисида маълумот учрамайди. Демак, ҳеч бир далилсиз Сафар ойидан шумлана олмаймиз. Ҳар бир кун Аллоҳ таолонинг кунидир. Унда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдир қилинган бўлиши мумкин. Банда ибодат, савоб ишлар билан банд бўлган кун ва ойлар фазилатли, гуноҳ ва разил ишлар билан шуғулланган кунлар унинг учун хосиятсиз вақтлардир.
Дарҳақиқат, жоҳилиятда одамлар Сафар ойидан шумланишарди. Бу ойда сафарга чиқишмас ва никоҳ ҳам қилишмасди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ойдан шумланишдан қайтариб, шундай дедилар:

” لَا عَدْوَى وَلَا صَفَرَ وَلَا غُولَ” (رواه الامام مسلم عن جابر رضي الله عنه)

яъни: “Касалликнинг юқиши йўқ, Сафар(дан шумланиш) йўқ ва жинларнинг адаштириши йўқ” (Имом Муслим ривояти).
Жоҳилиятда касаллик юқиши ҳақида ҳар хил хурофотлар бўлган. Ислом дини эса уни рад қилиб, касаллик Аллоҳ таоло хоҳласагина юқади, деган ақидани мустаҳкамлади. Лекин динимиз бу билан касалликдан эҳтиёт чораларини кўришдан қайтармайди. “Ғул” – жоҳилият аҳли тасаввуридаги бир жин бўлиб, улар уни “Турли шаклларга кира олади, одамларни адаштириб, турли балоларга учратади”, – деган эътиқодни қилишар эди. Ислом бу нотўғри эътиқодни ҳам рад этди.
Динимизда “Сафар” ойидан шумланилмайди. Исломдан аввалги даврда жоҳилият аҳли: “Сафар ойида сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди”, дейишар эди. Ислом бундай бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этди. Ислом тарихига назар соладиган бўлсак, кўплаб ғазот, фатҳ, сафарлар ҳамда никоҳ тўйлари айнан ушбу ойда бўлиб ўтган. Жумладан, Пайғамбаримизнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари, У Зот алайҳиссаломнинг биринчи ғазотилари бўлмиш – “Абво” ғазоти, “Зи Амр” ғазоти, “Ҳайбар” фатҳи ва ҳакозо.
Демак, Сафар ойидан шумланиш жоҳилият одатларидан. Бу ойда ҳам бошқа ойлардаги каби сафар, тижорат ва тўй қилиш мумкин. Динимизда бу боради ҳеч қандай таъқиқ йўқ.

Хонобод шаҳар бош имом хатиби М.Рахимов