Get Mystery Box with random crypto!

Жаннатнинг илк куни! Жаннатдаги илк лаҳзалар қандай бўлади? К | Xayrli kech Tong tilab

Жаннатнинг илк куни!

Жаннатдаги илк лаҳзалар қандай бўлади? Келинг, бир тасаввур қилиб кўрайлик. Аллоҳ таоло фазл қилди, ҳаммамиз Жаннатга кирдик. Ҳаммамизнинг гуноҳларимиз афв этилди, номаи амолимиз ўнг қўлимиздан берилди. Сирот кўпригидан яшин тезлигида ўтдик. Аллоҳнинг фазли билан Жаннатга кирдик. Жаннатга кирган илк лаҳзамиз қандай бўларкин, бир фараз қилинг. Жуда ажойиб ва ҳайратланарли бўлади. Сиз Жаннат аҳлига берилган қасрларни, ундаги неъматларни кўриб ҳайрон бўласиз. Дарёлар, уларнинг устида дарахтларда мевалар пишиб турибди. Дарёлар чуқур бўлмайди, чунки Жаннатда хавф бўлмайди. Чуқурлиги бир ёки икки қарич бўлади. Дарёда асал, май, сутлар оқади. Ҳарир ипакдан бўлган кийимлар, тўшаклар… барчамиз кўриб ҳайрон қоламиз. Ҳатто бу дунёда биздан олдинроқ вафот этган яқинларимиз, ота-оналаримизни кўрамиз, фарзанди эрта вафот қилганлар ўз боласини кўради, дўстларимизни кўрамиз. Ота-онамиз, кексалар ёш, ажойиб бир хурсанд ҳолда, беморлар тузалган, ғамгинлар бахтли ҳолда бўлади. Шунда яна ҳам ҳайратланарлиси пайғамбарларни кўришимиздир. Пайғамбарлар юришибди, атрофларида саҳобалар, умматнинг уламоларини кўрамиз, дин учун курашган, унга хизмат қилган уламолар, Рамазон Бутийни кўрамиз, бошларида ўша машҳур салла, ёш, кўркам йигит кўринишида барча-барчаларини кўрамиз. Фаришталарни кўрамиз, азизлар. Шунда бизга айтадиларки: «Ана Абу Бакр келяптилар». Оппоқ нур таралиб Абу Бакр келяптилар. Ундан кейин Умар розияллоҳу анҳуни кўрамиз. Мана бу дарахт соясида ўтирган Холид ибни Валид дейишади. Шу пайт жуда ҳам гўзал овозни эшитамиз. Бу Аллоҳнинг набийи Довуд алайҳиссалом дейишади. Бу гўзал овозга яна бошқа бир гўзал овоз эргашади. Бу Ҳазрати Билол дейдилар. Билол азон айтаяпти дейдилар. Билол Жаннатда «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар» деб азон айтаётган бўлади. Ундан кейин эса Расулимиз, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрамиз. У зотдан таралаётган нур ҳеч кимда йўқ. У зотдаги гўзал чеҳра ҳеч бир кишида топилмайди. Ёнимизда, ўз кўзларимиз билан кўриб турамиз, биродарлар. Сўнгра «Асҳоби Уҳдудни» кўрамиз, ҳаммалари ҳарир ипак кийимларда турган бўлишади. Каҳф аҳлини кўрамиз. Уларнинг Қитмир лақабли итлари, аммо у ит кўринишида эмас ажойиб Жаннат ҳайвони кўринишида бўлади. Фиръавннинг иймон келтирган аёли Осиё онамизни кўрамиз. Искандар Зулқарнайнни кўрамиз, унинг қўлларидан ўпамиз. Шу маҳал бизга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қила бошлайдилар. Қуръон тафсирларининг отаси Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бизга Қуръон тафсир қила бошлайдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръон тиловат қилиб берадилар. Шу пайт бу кўзларимиз билан Аллоҳнинг жамолини кўрамиз. Биз ва Аллоҳ ўртасида ҳеч қандай парда бўлмайди. Бу дунёда кўришга тоғларнинг ҳам тоқати етмаган Аллоҳнинг жамолини кўриб унга маҳлиё бўлиб қоламиз. Ана шунда, азизлар, жамики дарду аламлар тугаган бўлади. Ҳамма қийинчиликлар, жангу жадаллар, машаққатлар, касалликлар, хавфлар, мунофиқларнинг бош оғриқлари, жоҳилларнинг кўнгил сиқишлари, золимларнинг зулмлари, ҳамма ҳаммаси битган бўлади. Ҳеч нарсани ўйламаймиз, ғам-ташвиш у ерда бўлмайди. Ҳамма ҳаммаси гўзалликдан иборат. Аллоҳнинг жамолига боқгандан кейин Жаннатнинг мевалари ҳам орқада қолади. Фақат Аллоҳнинг жамолига маҳлиё бўлиб қоламиз. Шунда Аллоҳ таоло дейдики: «Мен сизлардан розиман. Энди ҳеч сизлардан норизо бўлмайман».
Албатта Жаннат феълимизга яраша бўлади. Аллоҳдан Жаннатни сўраймиз. Жаннатни талаб қилгувчи одам ухламайди. Аллоҳнинг розилигини унинг халқини рози қилиб оламиз. Чунки у розилигини халқининг ичига яшириб қўйди. Шунинг учун, биродарим, Аллоҳ таоло буюрган амалларда бардавом бўлайлик. Аллоҳ таолодан умид қилиб сўраймизки, сиз азизлар билан Жаннатда кўришмоқликни насиб айласин!

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

Ибрат учун яқинларга юборинг!