Get Mystery Box with random crypto!

#Огоҳлантириш Ягона мактаб формаси масаласида мактаб директор | Tuproqqal‘a MMTB

#Огоҳлантириш

Ягона мактаб формаси масаласида мактаб директорлари, синф раҳбарлар ва ўқитувчилар ҳушёр бўлиши лозим

Маълумки, Ўзбекистонда 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб давлат мактабларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори ҳам тасдиқланган. (271-сон, 19.05.2022 й.)

Ўтган ўқув йилида ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган мактаб формасини кўнгилли равишда кийишлари мумкин эди. 2022 йилнинг сентябрь ойидан эса ўқувчиларнинг мактабга ҳукумат тасдиқлаган формада келишлари мажбурий бўлади.

Амалдаги тартибга кўра ҳудудий ҳокимликлар ва «Ўзтўқимачиликсаноат» мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларни белгилашда уларнинг технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятлари ва ҳудудий жойлашувини инобатга олган ҳолда, мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантиради.

2022 йил 10 августдан бошлаб ҳудудий ҳокимликлар «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда  мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказида аҳолига қулай жойларда, мактаб ярмаркаларида мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шохобчаларини ташкил этиб, уларнинг жойлашиш манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади.

Шу сабабли мактаб директорлари, синф раҳбарлар ва ўқитувчилар мактаб формаси олди-сотдисига аралашмаслиги керак. Бу борада мактаб маъмуриятининг асосий вазифаси ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар орасида давлат умумий ўрта таълим муассасаларига мактаб формасида келишнинг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб боришдир.

Ота-оналар формани савдо нуқталарида ўзлари харид қилишлари керак. Мактаб формаси учун нархлар ишлаб чиқарувчилар томонидан эркин бозор муносабатларидан келиб чиқиб белгиланади. Формани тикувчи корхоналар ота-оналардан ҳали ишлаб чиқарилмаган мактаб формаси учун аванс тўловларини йиғишга ҳақли эмас. Айниқса педагог ходимларнинг ота-оналардан мактаб формаси учун пул маблағларини йиғиши катта хато ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, кам таъминланган оила фарзандлари учун мактаб формаси маҳаллий бюджет ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинишида кўмаклашилади.

Xalq ta'limi Info