Get Mystery Box with random crypto!

Қарғашдан ўзга чора қолмаган 2022 йил бюджетига ўзгартиришлар | To'xtaboyev Nuriddin | shaxsiy blog

Қарғашдан ўзга чора қолмаган

2022 йил бюджетига ўзгартиришлар тасдиқланган. Ўзгартиришлар орасида UzAuto учун қўшимча 225 млрд.сўмгача (жами 336 млрд.сўм) субсидия беришни назарда тутувчи норма ҳам мавжуд. Аслида утилизация учун субсидиялар транспорт харажатларига компенсация деб ниқобланган. Парламент қуйи палатасида янграган саволлар, аниқлик киритиш бўйича ваъдалар жавобсиз қолган.

Бу ҳали ҳолваси. Тасдиқланган 2023 йил бюджетида худди шундай йўналишида 418,2 млрд.сўм компенсация тўлаш кўзда тутилган. Табиийки, бу UzAuto учун. Шунчаки солиштириш учун, онкологияга 3 баробардан камроқ 137,5 млрд.сўм пул ажратилган. "Ўзбекистонда тахминан ҳар 10 дақиқада битта онкологик касалга чалинган одам нобуд бўлади". Саратонга чалинганлар ўлишда давом этади, лекин UzAuto субсидия олади. 2023 йилда биз етиб келган мораль шу.

Пенсия, нафақа ё бюджетниклар ойлиги яқин ойларда ошмайди, инфляция даромадларни кемиришда давом этади. Лекин UzAuto субсидия олади. Қарғанг.

Болангиз 45 ўқувчи ўтирган синфда дарсга қатнайди, иккинчи сменага. Лекин UzAuto субсидия олади. Қарғанг.

Қишлоғингизда сув йўқ. Йўл йўқ. Лекин UzAuto субсидия олади. Қарғанг.

Токи қарғаш ҳуқуқингизниям олиб қўйишмагунча қарғанг.

Чунки ОАВ, жамоатчилик, чўнтак парламентда янграган эътирозлар ва саволлар шунчаки игнор қилинган. Ҳукумат очиқча цинизм позасида турволиб бюджет ҳисобидан ўзининг монополист ва паразит эркатойини боқишда давом этади. Бунга таъсир кўрсатишга, ниманидир ўзгартиришга ҳеч қандай восита йўқ. Яъни, қарғашдан ўзга чора қолмаган.

Тешиб чиқсин, буюрмасин, деб қарғанг. Ҳақдорларнинг қарғиши албатта ўтади. Тонг сахардан айтилган қарғиш етиб боради.