Get Mystery Box with random crypto!

Бизда-чи? Курашаман десангиз оғзингизга уришади шуям ишми, деб | ТилиҒирром

Бизда-чи? Курашаман десангиз оғзингизга уришади шуям ишми, деб. Яна бир нарса, низомда жамоатчилик фикрига кўра ҳам баҳоланади, деб ёзилган. Кимдир жавоб бера оладими, жамоатчилик фикри нима ўзи? Унга қараляптими?
Бешинчидан, мен чарчадим. Жим юришдан чарчадим! Келажакда чарчашни истамайдиганлар, илтимос, бу бешинчи сабабни биринчига ўтказинглар. Жим юрманглар!
Мен бирорта танловда қатнашсам “Мард ўғлон” олгансанку, бунча мукофотпарастсан, дейишади. Уни олганимга 3 йил бўлди, ҳурматли ўртоқлар. Медални олган пайтимда бир марта тақиб твга бордим, кейин бошқа жойга бир мартаям тақиб бормадим. Бу мен “мукофотпарастнинг ёмон қилиғи” холос.
Энди миннат қилишга ўтай!
Баъзи бировлар менга танишларинг бор, ўшаларга айт, сени ўтказишсин, “паддешка” қилишсин, дейишди. Агар яшаш қонун-қоидаларимга тўғри келганида шундай қилардим, афсус. Менинг ягона “паддешкам” – қилган ишларим, ҳар ҳолда улар ўткинчилик қонунларидан анча йироқда.
3 йил ичида бошқа кўп ишларни қила олдим, шукр. Ўзбекистон, Туркия, Озарбойжонда 20 дан ошиқ катта-кичик таржима китобларим чиқди. Чўлпондан тортиб ҳозирга ёш шоирларгача турк ва озарбойжончага таржима қилдим. Бу ҳали эсимда борлари... Низомда шундай ёзилади: “Ёзувчи ва шоирлар асарларининг хорижий тилларга таржимаси тақдим этилган тақдирда, бадиий таржиманинг сифатини аниқлашда мутахассислардан хулосалар олинади”. Хўш, ким жавоб беради, ким мен топширган Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи... ларнинг асарлари таржималарини кўриб, хулоса берди?
Жимлик. Жавоб йўқ!
Мени бугун даврада кўрганлар бармоқ билан ишоралаб “Шу йигит олди” деб пичирлашди, гарчи бу ҳақиқат бўлмасада бир сонияга мен ҳам ишондим. Мен ҳам кутдим мўжиза юз беришини. Таассуф, мўжизанинг ҳам оёқ-қўли кишанланган экан...
Агар кимгадир бу ёзувим етиб борса, илтимос, шу муаммоларга ечим топиб берсин!
Таклифлар:
1. Танлов очиқ тарзда ўтказилсин!
2. Чин истеъдодлар бохабар қилинсин!
3. Иштирокчиларнинг ишлари ҳаммага кўрсатилсин, исботлаб берилсин нега шундай ўрин берилгани.
4. Шикоят ва таклифлар эшитилсин!
Бугунги тадбирда бошловчилар қайта-қайта “Китоб ўқинг, спарк ютиб олинг” дея таъкидлади. Ахир бу китобхонлик танлови эмас. Бу китоб ўқиганларнинг эмас китоб ёзганларнинг танлови. Шароф Бошбеков бир интервюсида куюниб “Китоб ўқиганлар машина миняпти, ёзганларнинг уйида эса сичқонлар ўйнаб юрибди” деганди. Фикримча, кўп ижодкорлар бу фикрни қўллаб-қувватлайди.
Ишонаман, энди бу ишим ва ёзувимдан кейин қора рўйҳатга кираман! Кимлардир ёқтирмайди, мукофотпараст атайди, жеркийди, бу ишинг нотўғри, дейди.
Мен адабиётимизнинг бир қора ишчиси – мардикори сифатида бугун бор-йўғи баъзи саволларга жавоб олиш учун бу гапларни ёздим.
Жавоб беринг, ваъда бераман, жавоб олгач яна кўп йиллар давомида жим юраман!
Агар бу муносабат сизга қизиқ бўлса, тарқатинг, жавоб топайлик бирга.
Қачон халқимиз ижтимоий фикрга эга бўлади, қачон миллатимиз интернетдан бир аёлнинг “вию-вию”сию бир “акахон”нинг “Ўзбекистон тенгдир Ўзбекистонга”, Бозорвой исмли лўли болакайнинг “1000 сўмдан акажонлар” деган гапини эмас, ўз миллатининг эртаси йўлида жон куйдираётган ижодкорларни – шоирларни, ёзувчиларни, санъатсеварларни излайди, уларнинг фикри, ғояси, ҳаёти билан қизиқади?
Қачон?


2023 йил, 20 май.

Раҳмат Бобожон

#бугун | @Rahmat_Bobojon