Get Mystery Box with random crypto!

Ҳайратни гуллатган шеър… Қайғум маним... Қайғум маним Қайғум | Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими

Ҳайратни гуллатган шеър…
Қайғум маним...

Қайғум маним
Қайғум маним
Бир умрлик жўрам маним
Юрагимнинг ич-ичида ҳужрам маним
Ойнасидан ойнинг нури тушиб турган
Қафасдаги булбулдайин учиб юрган

Қайғум маним
Қайғум маним
Туғилмишдан соямдайин ёнимдасан
«Ла илаҳа иллаллоҳ»дай ёдимдасан
Ҳар дам маним жонимдасан қонимдасан
Йиллар ойлар кунлариму онимдасан

Қайғум маним
Қайғум маним
Онам тўккан кўз ёшларда кўрдим сени
Мозорининг бошларида кўрдим сени
Юрагимни тилиб-тилиб муз тиғларинг
Қўшилишиб «Онам» дея сен йиғладинг

Қайғум маним
Қайғум маним
Унутайин десам кимни исмин айтдинг
Тарк этайин деганимни олиб қайтдинг
Ёнимдасан издиҳому ёлғиз пайтим
Навоийнинг девонида суйган байтим

Қайғум маним
Қайғум маним
Болалигим ташлаб кетди сен кетмадинг
Илк севгию шодликларим унутмадинг
Бамисоли кузакдаги баргихазон
Бамисоли қорлардаги субҳи азон

Қайғум маним
Қайғум маним
Мусичадай деразамда қўниб турган
Онамдайин ҳамма гапга кўниб турган
Айни саҳар шамчироқдай сўниб турган
Юрагимга шабнамдайин иниб кирган

Қайғум маним.