Get Mystery Box with random crypto!

ФОСИҚ ҲАҚИДА ҒИЙБАТ ЙЎҚ Фосиқ сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқи | Soʻfi_Allohyor

ФОСИҚ ҲАҚИДА ҒИЙБАТ ЙЎҚ

Фосиқ сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқиш маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсиятларни яширмай очиқ-ойдин беҳижолат қиладиган одамга фосиқ, дейилади.

Оиша розияллоҳу анхрдан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас, у зот: “Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандоқ ҳам ёмон биродари ёки уруғининг қандоқ ҳам ёмон ўғли”, дедилар. У кирганда эса, унга мулойим гап айтдилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули! Айтган гапингизни айтдингизу кейин унга мулойим гапирдингиз?” дедим. “Эй Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб тарк қилганларидир”, дедилар”.

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Уламоларимизнинг таъкидлашларича, ушбу ҳадиси шарифда номи зикр қилинмай, у ҳақда сўз кетаётган одамнинг исми Махрама ибн Навфал бўлган. Мазкур шахс мунофиқ ва фосиқ одамлардан бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳакда ўзига эшитдирмасдан мазаммат сўзини айтганлар.

У зот бу билан унинг ёмонлигини бошқаларга билдириб, уларни ундан эҳтиёт бўлишлари чорасини кўрганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан ёмон одамлар билан уларнинг шарридан сақланиш мақсадида муроса учун мулойим сўзлаш мумкинлиги келиб чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фалончи, фалончиларни динимиздан бирор нарсани билади, деб, ўйламайман", дедилар”.

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда зикри келган икки киши ҳам мунофиқлардан бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни улардан огоҳлантириш учун шу гапларни айтганлар.

Айниқса, диний масалада бундоқ маълумотларни одамларга айтиб қўймоқ зарурдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мужоҳирдан бошқа умматимнинг ҳаммаси авф қилингандир. Бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда, Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам, эй фалончи, кечаси ундоқ қилдим, бундоқ қилдим, демоғидир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда у ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади”, дедилар”.

Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: “Мужоҳир” луғатда жаҳр сўзидан олинган бўлиб, ошкора қилувчи маъносини билдиради.

Шаръий истилоҳда эса, гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юради.

Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи авф бўлмас экан. Ана шундоқ мужоҳирларнинг айбини гапириш ғийбат ҳисобланмас экан.


“Ҳадис ва Ҳаёт, 34-жуз” китобидан.

Дўстларингизга ҳам улашинг:
t.me/sufi_ollohyar