Get Mystery Box with random crypto!

Биласизми? Инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилаётган муҳ | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

Биласизми?

Инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилаётган муҳим кашфиётлар


Тиббиёт мунтазам изланишлар олиб бориладиган соҳа бўлиб, дунё олимлари инсон саломатлигини асраш йўлида тинимсиз тадқиқотлар ўтказади. Ихтиролар орасида шундайлари борки, улар неча йиллар давомида миллионлаб беморлар ҳаётини сақлаб қолишга ҳизмат қилмоқда. Қуйида уларнинг бештаси ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

1. Рентген
Бугун замонавий шифохонани рентгенсиз тасаввур қилиш қийин. Германиянинг Вюрцбург университети физиги Вильгельм Конрад Рентген 1895 йилда уни тасодифий тарзда кашф қилган. У катод трубкасидаги ёруғликни ўрганаётганда, тўсатдан қурилмани ёқиб-ўчириш вақтида яқин атрофда турган, барий платиноцианид кристаллари билан қопланган картонда порлаш пайдо бўлаётгани ва йўқолаётганини кўрди. Бунда катод трубкаси қора қалин қоғоз билан ўралган эди. Олим катод трубкасини ёқиб ўчирганида у сезгир барий платиносианид кристалларини порлашига олиб келадиган, ҳамма жойга кириб борувчи нурланиш манбаи бўлиб хизмат қилади, деган хулосага келди.

2. Нур терапияси
Саратонга қарши курашдаги биринчи самарали усул нур терапиясидир. 1895 йилда Х-нурлари кашф этилгандан сўнг деярли дарҳол олимлар нурланиш таъсир қиладиган тананинг аъзоларида куйишлар пайдо бўлишини пайқашди. Бу эса рентген нурланиши билан саратон ҳужайраларини йўқ қилиш ғоясини келтириб чиқарди. Биринчи рентген терапияси сеанси 1896 йилда Чикагода кўкрак бези саратони билан оғриган аёлда ўтказилди. Ўпка саратонида бу турдаги нур терапияси ҳали ҳам қўлланилади ва 10-15% ҳолларда тўлиқ даволанишга олиб келади.

3. Сунъий юрак клапани
Ушбу ихтиронинг ҳаётга татбиқ этилиши кардиологиянинг ривожи ва инсон танаси томонидан рад этилмайдиган синтетик тўқималар ҳамда полимер материалларни яратиш технологияларининг пайдо бўлиши билан мумкин бўлди. У туфайли миллионлаб одамларнинг ҳаёти сақланиб қолди. Инсон юраги тўрт камерадан иборат бўлиб, 4 та клапандан биттасининг фаолияти бузилиши ҳам бутун юрак ишининг бузилишига олиб келади. 1957 йилда биринчи сунъий ишлайдиган клапан тақдим этилган. Ҳозирда ясалган материалининг турига караб, клапанларнинг бир неча турлари мавжуд.

4. Дефибриллятор
Электр разряди билан юрак мушакларининг мажбурий ишга туширилиши натижасида кўплаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Ушбу қурилма “дефибриллятор” деб аталади — турли қисмлар мушакларининг қисқариши ғайритабиий аритмик тарзда содир бўлгандаги юрак фибрилациясига тескари равишда шундай номланган. Кучли фибрилляцияда юрак тўхтайди.

Бу ҳодиса биринчи марта 1899 йилда Жан-Луи Прево ва Фредерик Бателли томонидан ўрганилган. 1930 йилларда турли мамлакатларда ҳайвонларда электрошок дефибрилляциясини амалга ошириш имкони ўрганилган. 1956 йилга келиб, Пол Золл инсондаги очиқ юрак операцияси вақтида 110 вольтли ўзгарувчан ток босими ёрдамида биринчи муваффақиятли дефибрилляцияни амалга оширган. 1960 йилдан бошлаб деярли бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакатларда автоном дефибрилляторлар яратилган.

5. Стент
Кардиожарроҳлар томирнинг зарарланган жойини алмаштириш ғоясини узоқ муҳокама қилишган, аммо қийинчилик стент материалларини ва уни ўрнатиш технологиясини тўғри танлашда эди. Ниҳоят, 1986 йилда Жак Пуэл ва Улрих Зигварт Францияда биринчи марта беморга стент ўрнатдилар. Биринчи стентлар соф металлдан ясалган найчага ўхшарди. Ҳозир эса улар ҳалқалар ва бошқа кўринишдаги тўрсимон шаклда бўлиши мумкин. Уларни ишлаб чиқариш учун турли хил материаллар қўлланилади.

Тромблар вужудга келиш хавфини камайтириш учун ўзидан дори чиқарадиган стентлар ҳам мавжуд.
Стентнинг ихтироси ва имплантацияси миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Шуни айтиш кифояки, шу пайтгача юрак ишемик касаллигининг ўз вақтида ташхис қилинмагани туфайли дунёда ҳар йили 7 миллионга яқин одам вафот этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram