Get Mystery Box with random crypto!

​​Бугун Ватиканга бордик Хабарингиз бор, Европа бўйлаб саёҳат | Asta-asta, Soatova🤭

​​Бугун Ватиканга бордик

Хабарингиз бор, Европа бўйлаб саёҳатдамиз. Рим таътилларимиз ҳақида маълумот бериб келяпман. Бугун давлат ичидаги давлат — Ватиканга бордик.

Ҳар қандай черков, монастир ва шунга ўхшаш обидаларни, одатда, ташқаридан кўриш кифоя деб ҳисоблайман. Лекин Ватикан бош жомеси шунчаки католикларнинг бош черкови эмас, балки катта санъат музейи ҳам. Шу сабабли узун навбатга туриб бўлса ҳам ичкарига кирдик.

Европада навбатлар қанчалик узун бўлмасин, тез юради, ҳеч ким орага суқулиб асабга тегмайди. Шу сабабли ярим соатларда ичкари кирдик.

Асосий жоме — Авлиё Петр собори ичи тўла олтин нақшли безаклар, улкан ҳайкаллар, сағаналар… тепада черков хори куйлаяпти. Ичкари хоналарда руҳонийлар нималардир қилишяпти. Хуллас, кинолардагидек.

Мен ватиканшуносмасман, италян тилини ҳам билмайман, лекин кўпчилик ижтимоий тармоқда бизга ҳавас изҳор қилаётганидан бир ноёб жараёнлар ва масканлар ичра юрганимизни пайқаяпман. Инсон қўли шунчалик маҳобатли, буюк санъат асарлари яратганига лол қолиб юрибман.

Шарқ маданияти марказида сўз, адабиёт турган маданият. Ғарб маданиятида эса тасвирий санъат, мусиқа ўзакдир. Биз шарқликлар бу санъатни тушуниш учун бироз тайёргарлик кўриб, ўқиб-билиб келишимиз керак.

Шундай бўлса ҳам, Римга келсангиз, Ватикан музейларига кирмай кетманг — бу ҳам маърифат.

Жомега кириш бепул, Ватикан музейлари эса пуллик — 17 евродан. Бироқ арзийди. Айниқса, Уйғониш даврига оид буюк дурдона — Сикстин капелласидаги Микеланжелонинг асарларини кўрмоқ учун. Чиптани электрон сотиб олса бўлади. Фақат чиптада кўрсатилган вақтга келишингиз керак — эрта келсангиз киритмайди, кеч қолсангиз, чипта куяди. Ўша ернинг ўзидан чипта сотиб олсангиз, кириб кетаверасиз.

Ватикан музейлари мажмуаси ўнлаб залларни ўз ичига олган, қадим Миср маъбудлари, ҳиндуларнинг сардорлари ҳайкаллари, Рафаэл асарлари жамланган заллар ичида шубҳасиз, Сикстин капелласи асосий ўринни эгаллайди.

Капелла баландлиги 12 метрлик зал бўлиб, у ерда Папа сайланади — яъни католик руҳонийларининг сайлов тадбири — конклав (кенгаш)лар ўтказилади. 15-аср бошларида Медичи ва усмонли Султон Меҳмед II ҳужумидан қўрқиб Папа Сикст IV капеллани мустаҳкамлаш ва безатишга қарор қилади. Шундан унинг номи келиб чиққан.

Айниқса, капелланинг шифти Уйғониш даврининг буюк даҳоси Микеланжелонинг фрескалари билан жуда гўзал безатилган. Айтишларича, асосан ҳайкалтарошлик билан шуғулланган Микеланжелога катта фрескалар бўйича биринчи буюртма айнан шу бўлган, лекин у ишни аъло уддалаган.

Сикстин капелласидан чиққунча Ақидани йўқотиб қўйдим. Ватикан кутубхонаси ҳам ёпилибди. Амаллаб Ақидани топсам, шуунча маълумоидан таъсирланиб ҳовлида ўтирган экан, мен кирмайман ичкарига деди. Рафаэл залини кўраман деб ўзим кириб кетдим ва залларда адашиб яна Сикстин капелласига кириб қолдим. Римга ҳар куни келиб юрибманми деб яна томоша қилдим — бу сафар шошмасдан.

Соат 18 да бизни музейдан деярли ҳайдаб чиқаришди))

Кейин Ақида билан шаҳар айланишда давом этдик.

Римликлар мени ҳалоллик бобида ҳайрон қолдиришяпти. Кеча Колизейда анқайиб ичида пули бор ҳамёнимни тушириб қўйибман. Дарров ортимдан опкелиб беришди. Бугун эса Ватикан музейлари яқинида пластик картамни туширибман, униям ортимиздан бир италян йигити опкелиб бергандагина пайқадим

Зара дўконига кирувдик, иккита ватандошимизни кўрдик, эр-хотин шекилли. Бизни таниб қолишди, селфи тушдик.

Кейин автобусга югуриб чиқиб олдик ва салонда маълум бўлишича, чипталарни автобусга чиққунча бекатдаги киоскдан олиш керак экан Акида тушиб кетамиз, уяламан дейди, мен амаллаймиз дейман… Тушаётиб ҳайдовчининг “но, но” дейишига қарамай 3 еврони унга қолдириб қочдик

Шундай қилиб Римни кезиб, билимимизни ошириб юрибмиз.

Бу сафардаги мен ёзган энг катта лонгрид бўлди — сабр билан охиригача ўқиганларга раҳмат!

@shahnozxon

Суратда Сикстин капелласи Микеланжело фрескалари акс этган қисми