2022-08-04 12:30:30
* * *
Ҳеч кимга беролмас инсонимсан сен,
Ўзим ҳам етолмас осмонимсан сен.
Ишқингни Аллоҳим кўнглимга солган,
Борлиғим, жумлаи-жахонимсан сен!
Кетдим деб минг бора қайтган маконим,
Қайсарим, ўжарим, захар забоним.
Лайлидек гирифтор бўлган ўзимман,
Ёмонимсан менинг, жуда ёмоним!
Бўрондек бошланиб тинчимни бузган,
Ширин ёлғонларинг кўзларин сузган,
Камонсан ўқлари жонимга тўлиб,
Қиличсан етмишта томирим узган!
Унча-бунчасига бўлмасдим таслим,
Сен келдинг - умримнинг бешинчи фасли!
Сени суйдираман дея уриниб,
Доминга илиниб қолганман асли!
Кўнгилни олишга устаси фаранг,
Сўзладинг, сўзинга қўшиб куй, жаранг,
Кўнгилнинг дастидан соғ ери қолмай,
Бечора юрак ҳам урмоқда аранг!
Ниятинга етиб димоғларинг чоғ,
Қийнашчун атайлаб режалар тузмоқ.
Бир ёғиб ўтдингу, ёмғирдек...
Энди,
Меҳрингсиз қовжираб бормоқда бир боғ...
Ҳеч кимга беролмас инсонимсан сен,
Ўзим ҳам етолмас осмонимсан сен....
Малика Тавфиқ
40 views𝓘𝓷𝓩𝓪𝓻_𝓔𝓽𝓮𝓡𝓝𝓲𝓣𝓨, 09:30