2022-06-14 21:20:21
#Ибрат
ҲИКОЯ
Дунёнинг матоҳи
Басранинг обрўли кишиларидан бири жория сотиб олди. У жуда гўзал, чиройли рақсга тушар, ашула айтар ва уд (мусиқа асбоби)ни чаларди. Уни олиб Басрага борадиган кемага чиқди. Кеч тушди. Шамол сокин эсарди. Ҳалиги киши туриб ҳаммага май тарқатди. Жориясига:
- Яхшисидан чал, - деди. Аёл ашула айтиб рақсга туша бошлади. Уд чалди. Кема аҳли сархуш бўлиб уни томоша қилишди.
Кеманинг бир бурчагида ёш йигит ўтириб Қуръон ўқирди. Исён мажлисидан ўзини олганди. Жориянинг соҳиби келиб, мазахомуз деди:
- Эй йигитча, сен бунданам яхшисини эшитганмисан? Қалай? - деди.
Йигит:
-Ҳа, -деди.
Киши жорияга қараб:
-Бўлди, тўхтаб тур! - деди. Йигитга юзланиб: -Қани, сенда нима бор? Эшитайлик -чи! - деди.
Йигит чиройли овозда:
- «Дунёнинг матоҳи оз, охират эса, тақво қилганларга яхшидир. Ва қилчалик зулм қилинмассизлар», деб айт. Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир»! (Нисо: 77-78) оятиларни ўқиди. Оят кишининг қалбини парчалади. Қўлидаги майни тўкиб юборди. Ва:
- Қасам ичаман! Бу мен жориядан эшитганимдан кўра афзал. Яна қанақаси бор? Ўқи!? - деди.
Йигит:
- «Сен: «Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», дегин. Албатта, Биз золимларга деворлари уларни ўраб оладиган оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қовирувчи сув билан «ёрдам» берилади. Нақадар ёмон шароб ва нақадар ёмон жой!» (Каҳф: 29) ни ўқиди.
Кишининг вужуди титраб кетди. Кемадаги барча майларни денгизга тўкиб юборди. Жориядан чолғу асбобини олиб синдирди. Ва:
- Эй жория, сен озодсан, бор, кеманинг бир четида ўтир, -деди. Ва такрор - такрор:
- Астағфируллоҳ - астағфируллоҳ, - деб: Аллоҳга қасам, мен яшаб юрган ҳаётимдан кўра бу афзал! - деди.
Йигитга қараб:
- Эй йигитча! Мендек фосиққа нажот борми? Аллоҳ мени кечирадими? - деди. Унинг нигоҳи синиқ, қалби юмшоқ, юзида қўрқув акс этганини кўрган йигит:
- «Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт» (Зумар: 53-оят) оятини ўқиди.
Кишининг вужуди қақшади, ранги оқарди, ва:
- Аллоҳга қасам, гувоҳлик бераманки, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи - ҒОФУР, ва меҳрибон - РOҲИЙМ Зотдир! - деди - ю жони узилди. Воқеани баён қилувчи:
- Аллоҳга қасам, кема Басрага бир неча кундан сўнг етиб борди. Лекин у кишининг жисмидан бирорта ҳам нохуш ҳид чиқмади, - деди.
Хулоса сиздан.
@Shayx_Xazrat1
363 views18:20