2022-08-23 08:36:38
Шарофиддин Тўлаганов
#Муносабат
Бизнинг ўқувчилик давримиз газета-журналлар ичида ўтган
Оталаримиз мажбуран газета-журналларга обуна бўлишган. Энг қизиғи, мана шу мажбурий обуналардан оталаримиз оғринмаган. Оиламиз ўрта ҳол бўлишига қарамай, уйда бирор марта бўлса-да “шу газета-журналлар ўзи нимага керак”, деган гапни эшитмай катта бўлибман. Деярли барча ўзбекча газеталарни(жумладан ўқувчиларнинг “Ленин учқуни”-ю, “Ғунча”, “Гулхан” журналларини) олардик. Ҳар ойда “Муштум”, “Фан ва турмуш”, “Гулистон” “Саодат”, ва албатта “Шарқ юлдузи” журнали келарди. Қаранг, оддий бир колхозчи мажбуран шуларга обуна қилинарди. Болалар ўқимаган тақдирда ҳам миясида “шуларни ўқиш керак, нимадир оламиз”, деган фикр бўларди, албатта.
Газета ўқиб тураман. Журналлар ҳолидан бехабар эдим. Кеча дўстимиз Сирожиддин Рауф қўлимга “Шарқ юлдузи” журналини тутқазиб, “бир ўқиб кўринг”, деди.
Бугун журнални варақлаб чиқдим. Яхши шеърлар, яхши ҳикоялар бор экан.
Шукур Қурбоннинг “Кечикмаган ишқ садолари”,
Санбар Меҳмоннинг “Ишқ дея аталган энг сирли фанман”,
Салим Ашурнинг “Китобларнинг қатида шеърлар бориб келади”,
Дилноза Камолнинг “Шивирингдан уйғонсин дунё” деб номланмиш шеърлар туркумини ўқиб, маза қилдим.
Бир вақтлар “Озодлик” радиосида ишлаган
Азизулло Аралнинг “Ўткан кунлар” романи ҳақидаги “Кули кўкка соврилмас асар” деб номланган мақоласини ўқиб, рости ўйга толдим.
Тўғриси, шу кунгача қўшни мамлакатларда яшайдиган ўзбеклар нима еб, нима ичаётгани, нима ўқиётгани ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Азизулло Аралнинг мулоҳазаларни ўқиб, ҳаёлга ботдим: “Афғонистондаги ўзбеклар аввал қандай яшаган, ҳозир ҳаёти қандай, келажакда уларнинг тақдири нима бўлади? Умуман, қачонлардир дунё ўзбеклари ягона миллат бўладими?” Мақоладаги бир ибора диққатимини тортди: “Маълумотларга кўра, 1960 йилларда Афғонистонда хоким табақа маъмурларидан Муҳаммад Гул Мўманд ўзбек тилидаги ёзма ёдгорликлар, айниқса қўлёзма китобларни йиғиштириб, айримларини арзимайдиган пулга сотиб олиб, уларга ўт қўйган”. Эҳ, бечора ўзбек, дегинг келади. Мақолада “Ўткан кунлар” романининг Афғонистонда нашр қилинишига урғу берилган. Бу кўнглимни кўтарди.
Ҳадеб, интернет, интернет, гайжет,гайжет деявермай, сал газета ва журналларни ҳам варақлаб туриш керак экан. Руҳингиз енгил тортгандек бўлади.
Телеграм каналга уланиш:
"Шарқ Юлдузи" журнали
525 views05:36