2022-07-22 02:41:12
ИШҚИМНИНГ МАСКАНИ...
Учраштирган Эгам бўлганда паноҳ,
Маҳзун бошин эгган мажнунтол гувоҳ,
Менинг севгим эрка бўлгандир, э воҳ,
Ишқимнинг маскани беғубор бир қалб.
Уни учратганда қалбим эди муз,
Ҳаётим эшигин қоққан эди куз,
Армонни учратдим... Буриб кетдим юз,
Ишқимнинг маскани беғубор бир қалб.
Ўтли нолалардан юрагим дардчил,
Ашъорга айланди ҳамоҳанг бу дил,
Ошиқлар розига кўникди кўнгил,
Ишқимнинг маскани беғубор бир қалб.
Бир-бирига боқиб тўймаган кўзлар,
Нигоҳ-ла ўқийди қалбдаги сўзлар,
Ғаюр дилли ҳижрон аламдан бўзлар,
Ишқимнинг маскани беғубор бир қалб.
Туҳфа этиб баҳор тароватини,
Кўнглим топди гўзал ҳаловатини,
Танда жоним айтар саловатини,
Ишқимнинг маскани беғубор бир қалб.
Мунира Султон
БЕКОБОД
134 viewsArmonlar qirolichasi, 23:41