Get Mystery Box with random crypto!

ҚАСАМ УРАР ЭКАН! (Бир намозхон дўстим айтиб берган воқеа.) | SEVIMLI XIKOYALAR (ko‘ngil hislari)

ҚАСАМ УРАР ЭКАН!
(Бир намозхон дўстим айтиб берган воқеа.)

Бу ибратли воқеа бундан 20 йил олдин содир бўлган эди. Ўша пайтлар тўй-маракаларда ароқ ичиб турардим. Шу ҳаром ичимликни ташлашга бир неча марта ҳаракат қилиб кўрдим, аммо ҳар сафар бир нарса сабаб бўларди-да, нафсим устунлик қилиб яна ичиб қўярдим. Кейин иродам сустлиги учун хафа бўлиб, ўзимни-ўзим койиб юрардим.

Охири бир куни масжидга кирдим-у меҳробнинг олдига бориб, қиблага қараб: “Аллоҳим, уйингда туриб, фарзандимни ўртага қўйиб қасам ичаман, энди умримнинг охиригача ароқ ичмайман!” деб қасам ичдим. Бу қасамнинг қанчалик масъулиятли ва оғирлигини ҳис қилардим, шунинг учун, ана 20 йил бўлибдики, ароқни қайтиб оғзимга олмадим!

“Дўстларим” аввалига ишонишмади, ҳайрон бўлишди, кейин эса кўникиб, мени “давралари”га чақирмай қўйишди. Мен эса қутулганимга хурсанд эдим.
Шу воқеадан икки йил ўтгач, бир дўстим ёнимга келиб, ароқни ташламоқчи эканлигини, аммо уддалай олмаётганини, мендан қандай ташлаганимни маслаҳат сўради. Мен бўлган воқеани айтиб бердим. Тафсилотларни эшитгач, дўстим ҳам ўша заҳотиёқ шундай қилмоқчи бўлди. Биргаликда машинага ўтирдик-у, тўғри масжидга бордик. Масжидга кириб дўстим худди мендан эшитганидек: “Аллоҳим, уйингда туриб, ФАРЗАНДИМНИ ЎРТАГА ҚЎЙИБ ҚАСАМ ИЧАМАН, энди умримнинг охиригача ароқ ичмайман!” деб қасам ичди!

Қасам ичишдан олдин ҳам, кейин ҳам мен уни қасам билан ўйнашиб бўлмаслигини қаттиқ огоҳлантирдим, у эса “тушунаман, биламан” деб тасдиқлаб турди. Лекин, афсуски, кўп ўтмай мен қўрққан ва охири фожеага олиб келган воқеалар юз бера бошлади...

Дўстимнинг бир ўғли ва бир қизи бор эди. Ўғли ўша пайтда 6 ёшда эди...
Қасам ичгандан сўнг 40 кун ўтиб, дўстимнинг синглиси турмушга чиқди. Тўйга бориб не кўз билан кўрай-ки, дўстим маст ҳолда даврада ўйнар эди! Ҳайратдан қотиб қолдим! Энди нима бўлади, ахир у ўғлини ўртага қўйиб қасам ичган эди-ку?! Кайфиятим учиб, даврага ҳам ўтирмай, қайтиб кетдим.
Кейинги кун дўстимга роса гапирдим, тушунтирдим, у эса индамай тураверди. Энг ёмони – ароқ ичишда давом этаверди... Шу алфозда 4 йил ўтди. Менинг кўнглим эса, доимо бир нохушлик келишини сезгандек, нотинч эди.

Охири ўша нохуш хабар келди! Дўстимнинг ўғли онаси билан қишлоққа, бувисиникига бориб, 10 ёшида ўша ердаги ҳовузга чўкиб ўлди! Бу мусибатнинг асосий сабабчиси – боланинг отаси эканлигини фақатгина мен ва дўстим билар эдик. Отанинг қалбидаги армон ва пушаймонликни кўришга тоқатим етмас эди. Дўстим ҳам, орадан шунча йил ўтган бўлса ҳам, юзимга тик қарай олмайди, мендан қочишга ҳаракат қилади, бу сирни бировга айтиб қўйишимдан қўрқади.

Бу ачинарли воқеани бошқаларга ибрат бўлсин деб қоғозга туширдим. Мусулмонлар, қасам ҳақ экан, бузсангиз урар экан, жазосиз қолмас экан! Бўлар-бўлмасга қасам ичаверадиганлар учун, қасамни ичиб, сўнг уни бемалол бузадиганлар учун бу ҳаётий воқеа дарс бўлсин, акс ҳолда пушаймонлик гирдобида қолиб кетасиз!


ANBA @Sevimli_Xikoyalar

https://t.me/joinchat/AAAAAETNGn5yK9B5Td9TtA

ИБРАТЛИ ҲИКОЯ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР ФАҚАТ БИЗДА