Get Mystery Box with random crypto!

'Ман ҳаётдан чарчадим...' Манзура холам, аслида, отамнинг хол | SEVIMLI XIKOYALAR (ko‘ngil hislari)

"Ман ҳаётдан чарчадим..."

Манзура холам, аслида, отамнинг холаси, бувимнинг синглиси. Амакиларим, аммам, биз олти фарзанднинг учтаси—барчамиз шу холамизнинг уйида туриб олийгоҳларни битирганмиз. Холамнинг уйи отасидан— отамнинг бувасидан мерос қолган уй эди.
Манзура холам содда, кўнгли очиқ, фарзандларига ўта меҳрибон, ўта самимий аёл эдилар. Турмуш ўртоқлари қирқ кунлик чақалоғи билан уйдан ҳайдаб юборгач, ота уйига қайтиб келиб, иккита боласини ўзи катта қилган эди. Кенг-мўл кўйлак кийиб юрар, кўча-кўйда ўзидан катта ёшли чолларга ҳам "болам" деб мурожаат қилар эдилар. Бир куни сабабини сўраганимда бир воқеани айтиб берган эдилар.
"Ошхонада картошка-пиёз артаман (бир умр шу ишда ишлаб, нафақага ҳам шу ердан чиққанлар) Ёшман, унинг устига беваман, бирга ишлайдиганлардан биттаси гап отиб ўтадиган бўлди. Бир индамадим, икки индамадим, учинчи сафар гап отганда қўлимдаги картошка тозалайдиган пичоқ билан сапчиб турдим.
—Мани ким деб ўйлаяпсан? Яна бир марта гапирсанг, шу пичоқни қорнингга тиқиб оламан! Пичоқ ўқталиб турган важоҳатим қўрқинчли бўлса керак, ранги бўзариб, эшикдан зўрға қочиб чиқиб кетди...Бева аёлга маҳаллани итиям бошқача қарайди, болам, ўзимдан кампир "ясаб" олишим шундан.

Номоз ўқишни шу холамдан ўрганганман, Аллоҳ рози бўлсин.

Холам жудаям меҳмондўст эдилар. Камтарона яшасалар-да дастурхонларида доим ҳолвайтар, бўғирсоқ, қуш тили бўларди. Уйига келган меҳмонларга ҳаммасини бериб юборар ва яна бошқатдан пиширар эдилар. Турбатга борадиган бўлсалар, эринмай, малолланмай бир қоп биз кукуруз дейдиган "Ширин маккажўхори қаламчалари" дан олиб борар, кўринган болакайларга улашар эдилар.

Холам авлиёсифат одам эдилар, дуолари ижобат бўлиб, биз бундан жудаям қўрқар эдик. Масалан, қиш кунлари юпун кийиниб, ёки ялангбош, ўқишга кетмоқчи бўлсам, остонада туриб олиб
—Айтганимни қилмасанг, тескари потаҳа қиламан, имтиҳондан ўтолмайсан, — дер эдилар., шу гапларидан жуда қўрқардим ва дарров айтганларини бажарардим. Умуман оиламиз орасида (ойим, додам, амакиларим, аммам, адамлар) Манзура холамнинг ижобат бўлган дуолари ҳақида ҳар хил гап-сўзлар юрарди. Холам қалб кўзи очиқ одам бўлиб, йигирма беш ёшларида кафанликларини тайёрлаб қўйган эдилар.Гап орасида Навоийдан, Сўфи Оллоёрдан мисоллар келтириб қўяр эдилар.
Бир куни уйнинг қўнғироғи жиринглади, дарс тайёрлаб ўтиргандим, эшикни очсам ҳеч ким йўқ, бироз туриб яна жиринглади, яна ҳеч ким йўқ. Холам болалар ўйин қилаётганини сезиб қолдилар. Бироз пойлаб турдилар-да, эшикни шартта очдилар, эшик қўнғироғини ўйнаб қочаётган болаларни тутиб олдилар,(бу ҳол аввал ҳам содир бўлган, бу болаларга олдин ҳам танбеҳ берган эканлар) кейин уларни уйга опкириб

—Кучук билан ҳўтикни қанча қилма тарбият,
Ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одамий! Бор, энди кетаверинглар, — дедилар.
Мен ўша пайтда бу сатрлар ҳазрат Навоийники эканлигини билмаганман, уни холам ўзлари тўқидилар деб ўйлаганман ва роса кулгандим. Билмадим, шу ҳикмат таъсир қилганми, ҳар қалай болакайлар бошқа эшигимиз олдига келмай қўйганди.
Манзура холам ҳаётдан нолимас, ҳаммага ўзини бадавлат кўрсатар, саховат қилар, аммо ёлғиз қолсак "Ман ҳаётдан чарчадим, Феруз", —дер эдилар. Бу гапга ҳам кулардим, тушунмасдим. Энди-энди биламанки, ёлғиз боши билан ҳам ўзининг, ҳам жигарларининг фарзандларига оналик қилиш, унинг масъулиятини бўйнига олиш, рўзғор юритиш... ҳеч бири осон бўлмаган экан. Бир умр ҳалол яшаб ўтган Манзура холам Ҳайит куни, жума куни оламдан ўтдилар.
Дастурхонларидан туз тотганим, ёнида олиб ётиб эринмай кўп ҳикматлар ўргатганим, турмушга чиқиб кетганимдан сўнг ҳам йўқлаб турганим боладек беғубор Манзура холамни Аллох раҳмат, мағфират қилсин
.

Феруза Салходжаева

ANBA @Sevimli_Xikoyalar

https://t.me/joinchat/AAAAAETNGn5yK9B5Td9TtA

ИБРАТЛИ ҲИКОЯ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР ФАҚАТ БИЗДА