Get Mystery Box with random crypto!

Қуйидагиларни 25 йиллар аввал, “ижтимоий ўлим” ҳақида мушоҳада | Sanjar Nazar

Қуйидагиларни 25 йиллар аввал, “ижтимоий ўлим” ҳақида мушоҳада юритишга уринаётиб ёзган эканман.

... Агар ижтимоий тузумда шахснинг роли камситилса ёки бутунлай бўлмаса, шахс «кўричак»ка айланади. Яъни у ижтимоий нуқтаи назардан қараганда ишламаётган, ўз вазифасини бажармаётган, яна-да даҳшатлиси, функционал жиҳатдан кераксиз аъзога айланади. Ишлатилмаган ханжар, ханжарлигига фақат шаклигина исбот бўла оладиган темир парчасига, функционал аҳамиятини йўқотган микроскоп болалар ўйинчоғига айлангани янглиғ шу кўйга тушган фуқаро мамлакатнинг нуфуси эътибори билангина аҳамиятга эга бўлган саноққа эврилади. Ўз асл қиёфаси ва ўрнига кўра жамият аъзоси, яна-да тўғрироғи, унинг мўъжаз зарраси сифатида кўричакнинг ҳолатига тушади.

... Алоҳида шахсга жамият томонидан муттасил хавф мавжуд бўладиган тоталитар, авторитар, диктаторлик тузумларида киши жон сақлаш учун зуғум келаётган манба – жамиятдан узилишга, уни унутишга интилади. У жамиятга нисбатан мурда ҳолатига киради. Жамиятни, ундаги қоидалар, тартиблар ва бошқа муносабатларни «билмасликка» интилади. «Билдим дединг – тутилдинг, билмадим дединг – қутулдинг», қабилида. Яқин ўтмишида юқоридаги тузумлардан етарлича озор топган ўзбек ҳам ўзини шу янглиғ ҳимоя этмаётганмикан!?