Get Mystery Box with random crypto!

Дарсликлар нархи борасида жуда кўп фикрлар айтилмоқда. Менинг | Қора микрофон (16 )

Дарсликлар нархи борасида жуда кўп фикрлар айтилмоқда. Менинг фикримча, ушбу масалага бозорда сотилаётган китоблардек қараб, нархдан норозиликни боласига китоб учун пул қизғаниш деб талқин қилиш нотўғри.

Одам ўз ихтиёри билан китоб сотиб олиши/олмаслиги ихтиёрийлик асосида бўладиган иш. Унда бир жойда нарх ёқмаса бошқа жойдан суриштириш ё умуман олмаслик вариантлари бор. Китоб учун маълум бир суммани раво кўриш/кўрмаслик эса умуман бошқа масала ва уни бошқа ҳолатда муҳокама қилган маъқул.

Дарсликлар эса боласи давлат мактабида ўқийдиган ҳамма тўлаши шарт бўлган пул. Бунда ҳеч ким ота-оналардан дарсликлар ижарага берилиши масаласини ҳам, унинг шартларини ҳам авваллан муҳокама қилмаган, ижтимоий келишув бўлмаган. Энди эса яна кенгашмай нарх 2-3 баравар ошириляпти.

Бир томон ҳар доим ўзича шартларни ўзгартирадиган ва бошқа томон бажаришга мажбур бўладиган ҳолат асло шартномавий муносабат эмас. Шундай ҳолда ота-оналарга ҳар йили шартнома имзолатилиши ва шартлар ўзгаравериши, истеъмолчида эса танлов имконияти бўлмаслиги адолатсизлик.

Таклиф шуки, бундай масалалар ота-оналар билан келишиб ҳал этилсин. Ҳозирги нархлар ўзгармас экан, давлат масаланинг ижтимоий аҳамиятини эътиборга олиб ва ўзининг бепул таълимни таъминлаш масъулиятидан келиб чиқиб, “ёстиқча” пайдо қилиши, яъни аввалги йилги ижара нархлари билан ҳозиргиси ўртасидаги фарқни тўлаб бериши адолатдан бўлади.

Дарсликлар буткул бепул бўлгани яхши деб популистлик қилишим мумкин эдию, аммо бир муддат дарсликлар чоп этилиши жараёнида қатнашганим учун биламанки, тўлиқ давлат тўласа, ўғриликлар каррасига ортади, бюджетни яна халқ тўлдиришига тўғри келади. Ошган солиқлар шаклида барибир шу пулни тўлаймиз кейин. Ундан кўра, рамзий миқдорда бўлса ҳам, оз қисмини қўлдан бериб, ҳисобини ўзимиз сўраб турганимиз маъқул.

Шаҳноза Соатова

Саҳифамизга обуна бўлинг:
Telegram                   Facebook