Get Mystery Box with random crypto!

#назм Бир қиз йиғлаяпти, билмайди ҳеч ким, Кўнглим-а дунёдан | PEGAS portali

#назм

Бир қиз йиғлаяпти, билмайди ҳеч ким,
Кўнглим-а дунёдан совий бошлайди.
Сўнг аччиқ устида кўрпага қўшиб,
Менинг юрагимни қавий бошлайди.

Бир қиз йиғлаяпти, билмайди ҳеч ким,
Юзига армонлар соя ташлайди.
Сўнг аччиқ устида кўйлакка қўшиб,
Ғижимлаб жонимни юва бошлайди.

Бир қиз йиғлаяпти, билмайди ҳеч ким,
Бир аччиқ изтироб туя бошлайди.
Сўнг аччиқ устида кўйлакка қўшиб,
Жонимни дорларга ёя бошлайди.

Бир қиз йиғлаяпти — эшитар ҳамма,
Ичимда ғамларнинг ўйи бўляпти.
Сўнг аччиқ устида кўрпа ёпиниб,
Йиғладим,
шу қизнинг тўйи бўляпти.

Бир қиз йиғлаяпти...

Ғайрат Мажид

t.me/pegas_portali —
Ҳар лаҳза – илҳом вақти