Get Mystery Box with random crypto!

​​ҲАЖГА ОЛИБ БОРСАМ, ЖОНИМ ОНАМНИ! Сабабсиз букчайса самимият | Happy souls🕊

​​ҲАЖГА ОЛИБ БОРСАМ, ЖОНИМ ОНАМНИ!

Сабабсиз букчайса самимиятим.
Оқ, ойдин орзулар тўлдирар камни.
Орзуки, оламда олий ниятим,
Ҳажга олиб борсам, жоним онамни.

Юраксиз ўғлини юракдан суйган,
Куюмсиз фарзандга куюнган, куйган,
Кичик бир ютуқда истиқбол туйган,
Ҳажга олиб борсам, жоним онамни.

Қуёш нур сочмасдан сочгайдир меҳр,
Икки қароғидан тошгайдир меҳр,
Муаззам Каъбага бошлайдир меҳр,
Ҳажга олиб борсам, жоним онамни.

Қувонсам, қувонса сиғмай ичига,
Йиғласа лабини тишлаб тишига.
Терс буриб юзимни дунё ишига,
Ҳажга олиб борсам, жоним онамни.

Не борки илинса ичмай ва емай,
Қадамим таниса, мен ҳали келмай,
Кетгунча индамай, ҳеч нарса демай,
Ҳажга олиб борсам, жоним онамни...

Камтарин, камсуқум, софдил ва содда,
Улуғ деб бўларми усиз оламни.
Ният шу: энг катта самолётда,
Ҳажга олиб борсам, жоним онамни.

Ўткирбек Муҳаммадсобир

T.me/muslimaatuz