Get Mystery Box with random crypto!

​Фарз, вожиб ва суннат амаллар Ассалому алайкум! Аллоҳим илм | ТО ЧТО МНЕ НРАВИТСЯ

​Фарз, вожиб ва суннат амаллар

Ассалому алайкум! Аллоҳим илмингизни зиёда қилсин. Динимизда вожиб, фарз ва суннат амаллар бор. Мен шу вақтгача вожиб ва фарз амалларни битта тушунча деб билардим. Бу учта амалнинг фарқини тушунтириб берсангиз. Аллоҳ рози бўлсин!

Жавоб:
1. Фарз.
Шариат жазм ила, шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилган иш фарздир.
Бунга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
Қуръони Карим ила собит бўлган фарз амалга Исломнинг беш рукнига ўхшаш амаллар киради.
Мутавотир ва машҳур суннат ила собит бўлган фарзга намозда қироат қилишни мисол келтириш мумкин.
Ижмоъ ила собит бўлган фарзга тўрт хил таом – буғдой, арпа, хурмо ва тузларнинг баъзиларини баъзиларига насияга сотиш ҳаромлиги мисол бўлади.
Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Фарз амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кофир бўлади.
2. Вожиб.
Шариат жазм ила, аммо қатъий бўлмаган далил билан талаб қилган амал вожибдир.
Фитр садақаси, витр намози ва икки ийд намозлари каби амаллар вожиб амаллардир.
Вожиб амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Лекин вожибнинг савоби фарзникидан озроқ бўлади.
Вожиб амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Лекин унинг иқоби фарзни қилмаганнинг иқобидан озроқ бўлади. Вожибни инкор қилган кофир бўлмайди.
Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар фарз ва вожибни бир нарса деб тушунадилар ва иккисини қўшиб «вожиб» деб атайдилар.
Аммо ҳанафий мазҳаби юқоридаги дақиқ фарқни эътиборга олиб, иккисини алоҳида ҳукмлар деб билади.
3. Суннат.
Шариат жазм этмасдан талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал «суннат» дейилади.
Қарз олди-бердисини васийқа сифатида ёзиб қўйиш ҳақидаги ҳукм бунинг мисолидир.
Суннат амални қилган одам савоб олади. Уни тарк этган одам иқоб қилинмайди. Ундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин.
Ҳанафийлардан бошқалар суннатни мандуб, нафл, мустаҳаб, татоввуъ, эҳсон ва ҳасан каби номлар билан ҳам атайдилар.
Ҳанафийлар эса суннат билан мандуб ва мустаҳабнинг орасида фарқ бор, дейдилар.
Суннат таъкидланган амал бўлиб, динда шарт бўлмаган, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилиб юрган ва баъзан узрсиз тарк қилган амалдир.
Мандуб ёки мустаҳаб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилмаган амаллардир.
Ҳанафийлар суннатни бир неча турга тақсимлайдилар:
1. Суннати муаккада. Жамоат намозига ўхшаш амаллар.
2. Суннати машруъа. Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга ўхшаш амаллар.
3. Суннати зоида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ейиш-ичишлари, кийинишлари, юриш-туришлари, ухлашларига эргашишга ўхшаш ишлар.
(«Кифоя»дан олинди)


ОТИНОЙИЛАР КАНАЛИГА ҚЎШИЛИНГ



https://t.me/joinchat/AAAAAEhM3i_welxaQNB6hg