2022-03-21 20:29:11
Абдулла Ориповнинг кўпчилик ёқтирадиган айрим шеърларини жойламоқчиман.
Айтганча, Абдулла Ориповнинг фарзандлари томонидан юритиладиган ва шеърлари бериб бориладиган Телеграм каналда бугун адибнинг маълум сабабларга кўра аввал эълон қилинмаган янги "Шарқий Туркистон" шеъри эълон қилинибди. Кириб ўқишингиз мумкин.
ТИЛЛА БАЛИҚЧА
Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузга томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёпдилар.
Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва гавжум толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни!
МЕН НЕЧУН СЕВАМАН ЎЗБЕКИСТОННИ
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.
Нечун ватан, дея еру осмонин,
Муқаддас атайман, атайман танҳо.
Аслида дунёда танҳо нима бор?
Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?
Ёки қуёшими севгимга сабаб?
Ахир қуёшли-ку, бутун Осиё.
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Боғларин жаннат, деб кўз-кўз этаман.
Нечун ардоқларкан тупроғини мен,
Ўпаман, тупроғинг бебаҳо, Ватан!
Аслида тупроқни одил табиат,
Тақсим айлаган-ку, ер юзига тенг
Нечун бу тупроқ, деб йиғлади Фурқат,
О, Қашқар тупроғи, қашшоқмидинг сен?
Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
Сабабини айтгин, десалар менга.
Шоирона, гўзал сўзлардан олдин,
Мен таъзим қиламан она халқимга:
Халқим, тарих ҳукми сени агарда,
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?
Ватанлар, Ватанлар, майли, гулласин,
Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо,
Юртим, сени фақат бойликларинг чун
Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!
СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ?
Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим –
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Мана, бугун наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам…
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
ОНА ТИЛИМ
Минг йилларким булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!
@xushnudbek
2.5K viewsOmon Nurmurodov, 17:29