Get Mystery Box with random crypto!

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳудудларда ички ишлар орга | НУРАФШОН ЗИЁСИ

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳудудларда ички ишлар органлари фаолиятидаги мавжуд коррупцион омилларни ўрганади

Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишидаги ишлари танқидий муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари ўтган вақт давомида соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, кўрилган дастлабки чоралар натижасида ўтган йили 4 минг 500 дан зиёд маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмаган.

Шу билан бирга, кўп раҳбарлар маҳаллага тушиб ишламагани, муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, ҳал қилмагани оқибатида айрим маҳаллаларда содир этилган жиноятлар сони ошганлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарурлиги таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йил 12 ойи мобайнида ички ишлар органларининг 46 нафар ходими (2019 йилда 28 нафар) коррупцион жиноятлар содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Шу муносабат билан, йиғилишда Давлат раҳбари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ички ишлар органлари фаолиятида кузатилаётган коррупцион омил ва хавф-хатарларни аниқлаш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида барча ҳудудларда комплекс ўрганишлар ўтказиш вазифаси юклатилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Агентлик томонидан соҳада коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, жумладан жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишларида ходимлар томонидан коррупцион жиноятлар содир этиш имкониятларини бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Facebook | Telegram | Twitter |YouTube| anticorruption.uz