Get Mystery Box with random crypto!

Таниш терак. Ариқ ёқаси. Бўтана сув, ширин лойқа сув. Тол кў | RAVZAI NAZM

Таниш терак. Ариқ ёқаси.

Бўтана сув, ширин лойқа сув.

Тол кўчада отлар тақаси,

Қанча бўлди кўрмаганимга…



Ялпиз ҳиди тутган далалар,

Гапга чечан боқчахолалар,

Беланчакда ётган болалар,

Қанча бўлди кўрмаганимга.



Тоғ ортидан мўралаган кун,

Шийпонлардан ўрлаган тутун,

Тут шохига осилган тугун…

Қанча бўлди кўрмаганимга.



Ўқариқдан ёлғизоёқ йўл,

Менга илҳақ, менга муштоқ йўл,

О, қадрдон бир жуфт қадоққўл,

Қанча бўлди кўрмаганимга.



Ёғоч эшик очилар секин,

Тошмеҳрман мен жуда, лекин

Ҳозир йиғлаворишим мумкин –

Қанча бўлди кўрмаганимга…


Мухаммад Юсуф

Абдукарим Мирзаев

@nazmiy