Get Mystery Box with random crypto!

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида, Юлдузларни ўчирмоқда гул | RAVZAI NAZM

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида...
Замин — тилсим, осмон — тилсим... шеър — бешафқат!

Мен қийналдим. Хаёлимнинг қанотида
Денгизларни кўтарганча толиб учдим.
Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда,
Денгиздаги юлдузларни келди қучгим.

Кўкка боқдим, ўт туташди жоним аро...
Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!
Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,
Она замин, уча қолай, қўйиб юбор!

Мен ёр дедим.. Лайлими ё, Ширинми ё!
Ёки энди туғилажак бирор малак?
Мана, мен, деб кўз олдимда бўлди пайдо,
Мана, мен, деб шеърдан боқди якто юрак.

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,
Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Шеър ёзилар... Қийноқ, сенга бўлсин шараф,
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида...

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,
Фақат бекор билиб ором қучоғини —
Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,
Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

Усмон Азим

@nazmiy