Get Mystery Box with random crypto!

ДУО ҲАМ ИБОДАТ, У ХУШУЪСИЗ ҚАБУЛ БЎЛМАЙДИ Дуо – инсоннинг ўзи | NAMOZ VAQTLARI ✔️

ДУО ҲАМ ИБОДАТ, У ХУШУЪСИЗ ҚАБУЛ БЎЛМАЙДИ

Дуо – инсоннинг ўзидаги нафсоний бир ҳолат. Дуо бутун вужуд билан берилиб, ҳамма нарсани унитиб, Аллоҳ таолога қурбат хосил қилиб, оламлар Раббининг Ўзига ёлворишдир.
Қўлларни кўтариб, кафтларни очиб, чиройли сўзларни териб, қофиясини келтириб, ниҳоятда гўзал қилиб айтишнинг ўзи дуо бўлавермайди. Дуо қилинаётганда қалб ва ҳислар уйғоқ бўлиши зарур ҳамда улардан ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиш керак. Акс ҳолда у дуо бўлмайди.
Бундай пайтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бошқа, хаёлда бошқа гап бўлиши мумкин. Албатта бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ {١٨٦} [سورة البقرة ١٨٦]

«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар» [Бақара сураси 186-оят].

Яъни, Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини Ўзи қондиради. Шу боис доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга буюрган. Зеро, У инсонга жон томиридан ҳам яқинроқ, Унга илтижо қилганнинг дуосини эшитувчи Зотдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан Имом Аҳмад ривоят қилади. Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.

Манбалар асосида "Минор" жоме масжиди имом ноиби Наврўзжон ТЕМИРОВ тайёрлади.
http://mehrob.uz/article/1486