Get Mystery Box with random crypto!

3. Улар бу дунё ҳаётини охиратдан афзал кўрадиганлар, Аллоҳнин | NAMOZ VAQTLARI ✔️

3. Улар бу дунё ҳаётини охиратдан афзал кўрадиганлар, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганлар ва у(йўл)нинг эгри бўлишини хоҳлайдиганлардир. Ана ўшалар йироқ адашувдадирлар.
Шиддатли азобдан ҳолига вой бўладиган кофирларнинг шундай ҳолатга тушишининг сабаблари ушбу оятда келтирилади. Уларнинг шиддатли азобга дучор бўлишларининг сабаблари қуйидагилардан иборатдир:
Биринчидан:
«Улар бу дунё ҳаётини охиратдан афзал кўрадиганлар»дир.
Бу эса, ўз навбатида, иймон тақозосига тўғри келмайди. Улар дунёни охиратдан устун қўйганлари учун иймон йўлига юра олмайдилар. Фақат бу дунёни кўзлаган одам беш кунлик ҳаётида кўпроқ матоҳга эришиш учун ўлиб-тирилади. Ҳаром-харишга қўл уради. Одамларнинг ҳаққини ейди Одамларга зулм, хиёнат қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёнинг муҳаббати ҳар бир хатонинг бошидир», деганлар.
Аммо охиратни дунёдан устун қўядиган мусулмонлар икки дунё саодатига эришадилар. Чунки, Ислом таълимоти бўйича, охират саодатига эришишни хоҳлаган одам Аллоҳнинг ер юзида халифаси бўлиши лозим. Ер юзидаги халифалик эса, уни обод қилишни талаб этади. Бу иш ҳалол-поклик, адолат, ҳақиқат ва тўғрилик ила амалга оширилади. Демак, мўмин-мусулмон киши икки дунё саодатига эришади. Кофир эса, икки дунёда ҳам хору зор бўлади.
Кофирларнинг қаттиқ азобга дучор бўлишларининг кейинги сабаблари, яъни, ушбу оятда эслатилган иккинчи ва учинчи сабаблар ҳам биринчисидан, яъни, дунёни охиратдан устун қўйишдан келиб чиқади.
Иккинчи сабаб: улар
«Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганлар»дир.
Кофирлар бу дунёнинг матоҳи ишқида, ҳукм, мансаб, молу дунё, айшу ишрат кўйида иймону Исломни инкор этадилар. Одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам динга, диёнатга, Ислом-иймонга ва унинг аҳлларига қарши чиқаётганларнинг ҳолига назар солинса, шу иллатни кўрилади.
Учинчи сабаб: у кофирлар
«у(йўл)нинг эгри бўлишини хоҳлайдиганлардир».
Яъни, Аллоҳнинг йўли нотўғри бўлиб, уларнинг истагига муносиб бўлишини хоҳлайдилар. Улар ўтмишда ҳам ундоқ бўлсин-бундоқ бўлсин, деб таклифлар киритганлар. Ҳозирда ҳам, биз Исломни ҳурмат қиламиз, аммо у қалбда бўлиши керак, ҳар кимнинг шахсий иши бўлиши лозим, у бўлиши керак, бу бўлиши керак, деб Аллоҳнинг дини эгри бўлишини хоҳлайдилар. Бу эса, иншааллоҳ, уларнинг «ҳолига шиддатли азобдан вой» бўлишига олиб келади. Чунки:
«Ана ўшалар йироқ адашувдадирлар».
Дунёни охиратдан устун қўйиш, одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш ва Аллоҳнинг йўли эгри бўлишини хоҳлашдан ҳам баттарроқ адашув бўлмаса керак?!
Одамларни зулматлардан нурга чиқарувчи таълимотни тушунишни осонлаштириш учун
@mehrob_uz