Get Mystery Box with random crypto!

​​Ҳозирги пандемия шароитида аҳоли ўз саломатлиги ҳолатини бил | Наманган патронаж ҳамширалари

​​Ҳозирги пандемия шароитида аҳоли ўз саломатлиги ҳолатини билиш учун қандай қон ва бошқа таҳлилларни топшириши керак?

Ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Абдураҳмон Қаюмов жавоб беради (1-қисм).

— Коронавирусга гумон қилинганлар касаллик аломатлари сезилган биринчи кундан оилавий шифокорга мурожаат қилиши керак. Шифокор беморнинг шикояти, умумий ҳолати, эпидемиологик анамнезидан келиб чиққан ҳолда, касалликни тасдиқлаш учун қўшимча текширувлар буюради.

Коронавируслар, бошқа кўплаб вируслар сингари – РНК-сақловчи вируслардир. Уларнинг 40 га яқин тури мавжуд. Бугунги кунга келиб одамларга юқишга қодир бўлган коронавируснинг еттита штамми маълум бўлиб, SARS CoV-2 – коронавируснинг айнан охирги еттинчи туридир.

Дунёда COVID-19 нинг лаборатория диагностикаси бўйича бир нечта усуллар мавжуд.

1. ПЗР усули – ушбу диагнозни тасдиқлаш учун асосий лаборатория текшируви. Бунда вирус РНКси аниқланади. Бу полимеразали занжирли реакция (ПЗР) молекуляр усули билан амалга оширилади. Бу усул организмда вирус бор-йўқлигини кўрсатади. У вируснинг тузилмаси, хусусиятлари ва функцияларини аниқлаш имконини беради.

2. Серологик тадқиқотлар жараёнида антитаначалар ёки антигенлар аниқланади. Маълумотларга кўра, антитаначалар инфекцияга чалинган пайтдан бошлаб организмда камида 10-14 кундан сўнг ишлаб чиқила бошланади. Биринчи бўлиб М синфига мансуб иммуноглобулинлар - IgM (ўртача 10-кунда) пайдо бўлади, кейин - IgG (14-кундан бошлаб). Серологик тестлар, улар вируснинг қонда бор-йўқлигини аниқламайди, у фақат вирус ушбу организмда бўлганидан далолат беради.

3. Секвенирлаш ва тирик вирусни ажратиб олиш. Тўлиқ геномли секвенирлаш – молекуляр-генетик тадқиқотларнинг яна бир тури ҳисобланади, у одатда илмий мақсадларда ўтказилади. Бунда ПЗРнинг ижобий натижаси – мажбурий шарт ҳисобланади. Секвенирлаш натижасида геномни ташкил қилувчи нуклеотидларнинг кетма-кетлиги аниқланади ва шу тарзда вирус идентификацияланади.

ПЗР-тестини топшириш учун, бурун-ҳалқум ва/ёки томоқ-ҳалқумдан мазоклар топширилади. Бу ҳолда махсус чекловлар бўлмайди.
Агар антитаначалар бор-йўқлигини текшириш керак бўлса, унда қон топширилади, бу ҳолда таҳлил топширишдан бир кун олдин ёғли, қовурилган овқатларни истеъмол қилмаслик зарур.

4. Мультиспирал компьютер томограммаси. Коронавирус биринчи 5-7 кун шамоллаш аломатини олади, шу даврда унчалик кучли белгиларни юзага чиқармайди:
тана ҳарорати бир ёки икки марта 38 даражадан юқори бўлади;
бир ёки 2-3 кун диарея кузатилади;
4, 5, 6 кунлар инсонда касаллик аломатлари гўё тузалаётгандек бўлади.
Айнан 7-10 кунларда яширин аутоиммун жараён бошланади. Унда йўтал пайдо бўлади ва у кун сайин кучайиб боради, ҳансираш қўшилади, баъзиларда бирданига тана ҳарорати 39 ва 40 даражагача кўтарилмоқда, ҳолсизлик ва мушаклар, бўғимлардаги оғриқлар кучайиб боради.
Шундай ҳолатда МСКТ текшируви жуда муҳим, касалликнинг айнан 7-10 кунларида ўпкада фиброз жароҳатланишлар кўринади. Интерстициал тўқима шишади, аммо альвеолаларнинг ўзида ҳавонинг бир қисми қолади, шу боис рентгенограммада ўзига хос “хиралик” пайдо бўлади.
Айнан шу даврда ҚОН ҚУЮЛИШ ҳолатини ўрганиш жуда муҳим. Яъни умумий таҳлилларни ўтказиш керак.

5. Қоннинг умумий таҳлили – ундаги қон ҳужайраларининг ўзгаришини кўрсатади, эритроцитлар, ЭЧТ кўрилади, оқ қон ҳужайралари ва лимфоцитларнинг умумий сони нормал ёки камаяди.

6. Биокимёвий таҳлил – жигар ва буйракда кечаётган ўзгаришларни кўрсатади, трансаминазалар – АЛТ ва АСТ, креатин киназа ва миоглобин концентрацияси ортади.

7. Гемостаз – қон қуюқлашган ёки йўқлигини кўрсатади, C-реактив оқсил ва прокалцитонин нормал ёки ортади. Баъзи ҳолларда Д-dimer миқдори ортади.

8. Пешоб ва ахлат. Ушбу текширувлар қонда, жигарда ва буйракда кечаётган ўзгаришларни аниқлаш ва беморга зарур даволаш муолажаларини буюриш имконини беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Вазирлик расмий канали:
@ssvuz