Get Mystery Box with random crypto!

ПУБЛИЦИСТИК ШЕЪР Ҳозирча чўпоннинг суруви Сочилиб юрибди яйло | Najmiddin Ermatov

ПУБЛИЦИСТИК ШЕЪР

Ҳозирча чўпоннинг суруви
Сочилиб юрибди яйловда.
Ҳозирча далада ўт сийрак,
Сигири ҳалиям байловда.
Кейинроқ ўйлайди Қомусни,
Кейинроқ қатнашар сайловга.

Ҳозирча деҳқоннинг дарди мўл,
Журат йўқ қилмоққа шикоят.
Ҳокимлар гоҳида сўкса ҳам,
Шукрки, ер қилди иноят.
Кузгача ҳосилни йиғса бас,
Қизиқмас ҳозирча сиёсат.

Ҳозирча савдогар бозорда
Молини сотолмай оввора.
Шундоқ ҳам қийпинчоқ бошини
Солиб не қилади ғавғога?
Юрт ҳақда бошқалар қайғурсин,
Бошқалар топишсин бир чора.

Ҳозирча мулланинг ўйи кўп,
Аёллар ёпиқроқ кийса бас.
Йигитлар олдирмай соқолин,
Ҳар айтган гапига кўнса бас.
Давлатнинг ҳукми ўз йўлига,
Сиёсат охират ишимас.

Ҳозирча бир гала тепутат,
Қўй санаб ётибди мудрабон.
Ҳозирча сайловга анча бор,
Ҳозирча ҳаёти чароғон.
Ҳозирча уйғониш шарт эмас,
Бошида турса бас шу сарбон.

Ҳозирча ҳокиму тўранинг
Ҳукмдир чиқарган ҳар саси.
Қомус не, қонун не, ҳозирча
Сўзидан паст эрур ҳаммаси.
Ўзгарса ўзгарсин, фарқи не?
Бу юртда яшамас боласи.

Ҳозирча кексалар қумсайди
Гугуртлар бир тийнлик пайтларни:
“Шукрки, ҳалиям Оға бор,
Бўлмаса, биз шўрлик қайтардик?
Нон нархи тушмади, ўзинг кўр,
Бирор иш бўлмади айтарлик”.

Ҳозирча ёшларнинг дардини
Тинглашга қулоқ йўқ арзирли.
Гар “сурса” не бўлар, гар қолса,
Нима ҳам қиларди хайрли.
Тепани кексалар банд этган,
Ҳаққини ололмас айириб.

Ўртада бир авлод оввора,
Ҳозирча етади саботи.
На четда, на юртда дарди бор,
Тинч ўтса бўлгани ҳаёти.
Берса ер, гар урса, бемалол,
Оёқни узатиб ўлади.

Айтгандай, ҳозирча аёлнинг
Бошида нўхта бор, қўлида тушов.
Айтгандай, ҳозирча аёлнинг
Сўзига қулоқ ҳам солмайди биров.
Айтгандай, ҳозирча аёлга
Бутун бир жамият эга ҳамда ғов.

Шукрки, ҳозирча умид бор,
Бир ховуч уйғоқ бор, бор ҳали имкон.
Бир ёруғ қон бордир оқарга,
Айтарга сўз бордир бегумон.
Бир ёвқур руҳ бордир шуурда,
Ватан бор—арзирли берса жон.

Н.Э.
Июнь, 2022