Get Mystery Box with random crypto!

Тафаккурнинг самараси Бир подшохнинг қўшини орасида қўй боқар | معلمة || Muallemah

Тафаккурнинг самараси

Бир подшохнинг қўшини орасида қўй боқар оддий чўпон бор эди. Сарой қозиси уни ёқтирмас эди. У чўпонга нисбатан шундай ҳийла ишлатдики, оқибатда подшох чўпонни қатл этишга хукм қилди. Бечора чўпоннинг онаси подшохнинг олдига бориб ўғлини кечиришини сўради. Подшох кекса онахондан хижолат бўлиб, шундай деди: "Мен қозига буюраман, у икки қоғоз олиб бирига қатл этилади, иккинчисига эса қатл этилмайди деб ёзиб беради. Ўғлингизга буюраман хукмни ижро этишдан олдин шу қоғозлардан бирини танлайди. Агар ўғлингиз мазлум бўлса Аллох унга нажот беради", деди.
Она подшох хузуридан чиқар экан, уни махзунлик чулғаб олган эди. У ўғлини подшох ёқтирмаслигини, иккала қоғозга хам қатл этилади деб ёздирса керак деб кўнглида ўтказар эди.

Чўпон йигит онасига: "Онажон, хавотир олманг, ишни Аллох таолонинг Ўзига қўйиб беринг", деди.
Подшохнинг хукмини ижро этиш учун қози иккала қоғозга хам ёзди. Бироқ йигитни ёқтирмагани учун иккисига хам қатл этилади, деб ёзди.
Белгиланган кун келганда сарой аҳли чўпон йигитга қандай хукм ўқилар экан деб, кузатиш учун тўпландилар. Қасос майдонига чўпон йигитни олиб келдилар. Қози захарҳандалик билан қоғозлардан биттасини танлаб олишини айтди. Чўпон йигит табассум билан битта қоғозни танлади ва мана шуни танладим деди. Сўнг қоғозни ўқимай ютиб юборди.
Подшох хайрон бўлиб: "Ҳой чўпон, нима қилганинг бу, сен қоғозни ютиб юбординг-ку, унда нима ёзилганини билолмай қолдик-ку", деди.
Йигит: "Подшохим, мен битта қоғозни танладим, унда нима ёзилганини билмай туриб, ютиб юбордим. Агар унда нима ёзилганини билмоқчи бўлсак, мана бу қоғозга қаранг, унда тескариси ёзилган бўлади", деди.
Подшох қоғозга қаради, унда қатл этилади деб ёзилган эди. Буни кўрган сарой ахли чўпон йигит қатл этилмайди деган қоғозни танлабди дейишди...

Хулоса:
Аллохнинг фазли билан озгина тафаккур сабабли улкан ишларни амалга ошира оламиз...
Аллох таоло "Оли Имрон" сурасида: "Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Улар Аллохни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган холларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлардир", деган (190-191-оятлар).

Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллохнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун зикр ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб иккинчиси бўлмаса хам, иш битмас экан...

Тафаккурнинг фойдалари
1. Тафаккур Аллохнинг розилиги ва мухаббатига олиб борувчи йўлдир.
2. Тафаккур бағрикенглик ва қалб сокинлигидир.
3. Тафаккур Аллох азза ва жалладан хавфда бўлиш ва қўрқиш малакасини хосил қилади.
4. Тафаккур хикмат малакасини хосил қилади ва қалбни тирилтиради.
5. Кўп эътибор бериш ва ваъзланиш ўтганларнинг сийратидандир.
6. Тафаккур катта ақлий қувват бўлиб, якка шахсларнинг огоҳлигига ва умматларнинг уйғонишига олиб боради...

Muallemah | Telegram