2021-05-12 17:00:39
#Рамазон_ҳайити_муборак_бўлсин!
Ассалому алайкум, азиз мўмин-мусулмонлар, муҳтарам юртдошлар!
Яқиндагина орзиқиб кутилган ойлар султони – Рамазонни катта қувонч, шоду хуррамлик билан қарши олган эдик. Мана, бугун бу улуғ ой поёнига етди. Бу ойда қилган тоат-ибодатларимизни, хайру саховатлармизни Аллоҳ таоло даргоҳида қабул айласин. Ниятларимизга яраша эзгу ишларимизнинг савобини кўпайтириб берсин.
Рамазон – эзу амаллар, хайру саховат ойи. Бу ойда қилинган ҳар бир хайрли ишга ўн нечадан то етти юз баробаргача ажрлар берилади. Айниқса, эҳтиёжманд, кўнгли ўксик, ночор аҳволда қолган кишиларга ёрдам қўлини чўзишнинг савоби катта.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан “Меҳр 5” инсонпарварлик амалиёти орқали 93 нафар ватандошимиз уруш ўчоқларидан юртимизга олиб келинди. Шубҳасиз, бу хайрли амал бағрикенгликнинг ёрқин ва юксак намунасидир.
Бутун дунёда пандемия даври оғир кечаётган бир пайтда, юртимизда бу йил таровеҳ намозларини масжидларда адо этиш имкониятига эга бўлганимиз, 27 кун мобайнида Қуръони каримга сомеъ бўлиб, хатмлар қилганимиз учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар келтирамиз.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни Рамазон ойида бўлгани ҳам кўплаб савобли ишларни амалга ошириш имонини берди. Айниқса, бугунги дориламон кунларга етиб келишимизда уруш ва меҳнат фахрийларини ҳиссаси катта эканини асло унутмаслигимиз керак.
Тинчлик шундай неъматки, усиз ҳеч нарсанинг қадри қолмайди. Хотиржамлик бўлмаган жойдан файз кўтарилади. Бежиз Расулуллоҳ алайҳиссалом:
“Икки неъмат борки, одамлар унинг қадрига етмайдилар: тинчлик ва саломатликдир”, демаганлар.
Азизлар, Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Рамазоннинг шукуҳи, файзи,таровати бир йилга татисин. Алишер Навоий ҳазратлари айтгандек, ҳар кунимиз Наврўз, ҳар тунимиз Қадр бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
8.8K views14:00