Get Mystery Box with random crypto!

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мана бу инфографикасида б | Муҳрим

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мана бу инфографикасида бир маълумот бироз ноаниқ кетган, назаримда. Унга кўра, 2022 йили Ўзбекистонда юз берган 9902 та йўл-транспорт ҳодисасининг 2086 таси ўлим билан боғлиқ бўлиб, уларда жами 2356 киши ҳалок бўлган. ЙТҲларнинг қарийб ярми - 4449 таси пиёдаларни, 1136 таси эса велосипедчини уриб юбориш билан боғлиқ. Бу тушунарли.

Инфографиканинг "Хавфсизлик камари" деган қисмида ёзилишича, ЙТҲлар оқибатида ҳалок бўлган 2356 кишининг 195 нафари хавфсизлик камарини таққан бўлган, 2161 нафари эса тақмаган бўлган. Мана шу жойи тушунарсиз - ундан "2022 йили ЙТҲларда фақат автомобиль ичида бўлганлар ҳалок бўлган", деган хулоса чиқяпти.

Суперяхши гумонда бўлиб: "Ўзбекистонда 2022 йили машиналар уриб юборган бирор пиёда ё велосипедчи ўлмагани", дея хотиржам бўлиш мумкин. Ë шунчаки "бу техник хато", деб ўйлаш ҳам мумкин. Аммо ёқимсизроқ хулоса чиқарса ҳам бўлади: қурбонлар сони 2365 тадан кўп, фақат ЙҲХХ пиёдалар ўлимига оид рақамларни яширган, дегандек.

Жуда ҳам умид қиламанки, бу ҳақиқатан ҳам техник хато - инфографикадаги бир бўшлиқни тўлдириш баҳона бирор ёшроқ ходим ўзидан ташаббус чиқариб, шундай "чизиб юборган"дир, ҳар доимгидек (мабодо ўйлаганим рост бўлсаю, пиёдалар ўлимига доир рақамлар берилмаган бўлса - унда даҳшат!). Аниқлик киритилса, ёмон бўлмасди.

Нима бўлганда ҳам, ҳар йили шундай ахборот бериб бораётгани учун ЙҲХХга чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман (беҳазил, бекиноя; бермаслиги ҳам мумкин эди ахир). Фурсатдан фойдаланиб, ИИВдан эски амалиётни қайта тиклаб, бундай ахборотни йилда бир эмас, ҳар ҳафта, ҳудудлар кесимида ҳам бериб боришларини сўрардим.

Буни фақат республика ЙҲХХ эмас, балки унинг ҳудудлардаги бўлинмалари ҳам амалга оширса, нур устига нур бўларди. Бир вақтлар Тошкент шаҳар ИИББ ҳам бир муддат шундайроқ ахборот беришни йўлга қўйган, Фарғона вилоят ЙҲХХ эса ҳар ҳафта, умумий бўлса-да, ЙТҲлар статистикасини берарди. Шу ишларни қайта тиклаш керак. ОАВ бундан "фақат негатив фонни кучайтириш учун фойдаланади" деб қўрқиш ўринсиз.