Get Mystery Box with random crypto!

Тил байрами арафасида кўп қатори тилимиз ҳақида қайғурдим. Ў | Муҳрим

Тил байрами арафасида кўп қатори тилимиз ҳақида қайғурдим. Ўзбекистонга кўчиб келаётган, узоқ йиллардан буён яшаётган бошқа миллат одамлари давлат тилини билмайди, ўрганишга эҳтиёжи йўқ, ҳатто тушунмайди, Ўзбекистонда ўзбек тилини билмай яшаш оддий ҳол, дея ичикиб, ўзимча, кичкина тажриба ўтказдим.

Кўчада туриб ўзбекка ўхшамаган одам учраса, шарт тўхтатиб ўзбекчалаб нимадир сўрадим. Масалан, дорихона. 15 нафар одамдан атиги икки киши мени умуман тушунмади. Биттаси узр сўраб ўтиб кетди (тушунмагани учун бўлса керак). Беш киши қийналибгина бўлса ҳам ўзбекча жавоб берди, тушунтирди йўлни. Қолган саккиз киши гапимни тўлиқ тушуниб, лекин ўз тилида жавоб берди. Яна сонини эслаб қололмаганим бир неча киши кўчада ўзбекча мурожаат қилинишига ўрганмаган шекилли, эшитмай-қарамай, унга гапирилмаяпти деб ўйлаб (бу менинг тахминим албатта) тўхтамай ўтиб кетаверди.

Бу кичкина тажрибамдан англадимки, вазият кутганимдан кўра яхшироқ. Чунки бошқа миллат вакилларидан кўпчилиги ўзбекча тушунмаслигига руҳан тайёр эдим. Кўчалардаги эълонлар, дўкон-дорихоналардаги ёзувлар одатда ўзбекча эмас, демак бошқа миллатлар тушунмайди деб ўйласам керакда. Ўзим ҳам кўча-кўйда ўзбек бўлмаган одамга ўзбекча мурожаат қилмайман. Ўзбекча билиши, тушуниши мумкин эмас деган режим доим ёқиқ миямда.

Аслида вазият яхши экан. Улар ўзбекча билади, тушунади, айримлари гапиради ҳам. Муаммо, менимча, ўзимизда. Тилимизни ўрганишига имкон-эҳтиёж қолдирмаймиз.

Юртимиздаги турли миллат вакиллари ўзбекча билмайди деб қийналманг. Ўзбекча гапирсангиз камида тушунишади. Кўп-кўп гапирсангиз, шугиналар ҳам тил ўрганиб, ўзбек тилига қулоқлари очилади. Тил билмагани учун бирор иши битмай қолса-ку, кейинги сафар гапларини ёдлаб келади.
Фақат биз ўзимиз уларга имкон берайлик. Бўлмаса, юраверамиз йилда бир марта бир кун — 21 октябрда “тилим-дилим” деб қайғуриб.

Кейинги сафар қунт қилиб, кўпроқ одам билан гаплашишга ва жараённи сифатли қилиб видеога туширишга ҳаракат қиламан.