Get Mystery Box with random crypto!

Олим ким? Яъни, аниқроғи, қайси ҳолатларда бир инсоннинг илми | Kabinet

Олим ким? Яъни, аниқроғи, қайси ҳолатларда бир инсоннинг илми унга олим сифатини, айтганларини сўзсиз қабул қилиб олишни тақозо қилади?

Мен ўзим учун 3 шарт белгилаб олганман.

1) Билим. Яъни бир инсоннинг маълум соҳада олим санашимиз учун ўша соҳа бўйича етарли маълумотлар мажмуига эга бўлиши керак. Ўша соҳани мендан кўп ўқиган, ўрганган, дипломи бор ҳеч бўлмаса, профессионал шуғулланади.

2) Мантиқ ва фаросат. Бир инсон олим саналиши учун ўз билимларини амалда қўллаш, реал ходисалар билан боғлаш, хулосалаш, ўзаро алоқани тушуниш учун етарли ақл, мантиқ ва фаросатга эга бўлиши ҳам шарт.

3) Холислик. Гапираётган инсон айнан юқоридаги икки пунктга кўра хосил бўлган хулосаларини бераётганига амин бўлишимиз.

Яъни, бир инсон билимли, мантиқли, мавзу юзасидан тўғри хулосалай олади, аммо бошқа сабаблар туфайли, масалан нафси, қўрқиши, кимгадир адовати, кимгадир муҳаббати сабабли бошқача гапириши мумкин.

У инсон аслида олим, ўзи учун, лекин эшитувчи учун олим эмас, чунки айтилаётган илм қайси манбадан (ростанам илмиданми ёки нохолис сабабларданми) келаётганини билмаса, шубҳа бўлса, «олимку буям» деб қабул қилиш тўғри бўлмайди.

Оддий тушунтираман. Бир врач бор яхши ўқиган, қайси касал қандай бўлади, даъвоси қандай, ўқиб чиққан, билади. Бу биринчи шарт.

Энди, у ўз билими билан беморнинг гапларига кўра диагноз қўя олса, мингта доридан кераклигини танлай олса, иккинчи шарт бажарилган бўлади.

Аммо билими билан беморга диагноз қўйсаю, бошқа сабаблар билан (беморни ёмон кўриши, дори сотиш...) ҳақиқатни айтмай, бошқа диагноз айтиб, бошқа дориларни ёзса, учинчи шарт ўртадан кўтарилади. Яъни бу врач ўзи учун кучли, билимли олим бўлиши мумкин, лекин беморлар учун олим эмас.

Чунки учинчи шарт бажарилмади, ишонч йўқ, билими минг зўр бўлмасин, даво ўша билимдан олиняптими ё бошқа ниятлар борми, номаълум.
Энди. Бир олимга эргашиш учун учала пункт ҳам мавжуд бўлиши керак.

Баҳслашиш ва раддия бериш учун эса, дастлабки икки пункт бўлса, жим турганимиз маъқул.

Чунки икки пункт бизда йўқ, қарши чиқмоқчи бўлсак, ўша камида икки пункт бўлган бошқа олимнинг фикрларини қарши қўйишимиз мумкин холос.

Бизда аралашиб кетди шу, илмимиз бўлмасаям, олимларга қарши гапираверамиз. Асос бўлмасаям.


Хуллас, олимларнинг обрўси муҳим нарса. Бу ҳаёт ва мамот масаласи.

Тасаввур қилинг, одамлар врачга ишонмай, фирибгар табибга борса, ўқитувчига ишонмаса, ҳуқуқчига ишонмаса, электрикка ишонмаса... Каша бўлади ҳаёт.

Дин эса, нафақат бу, икки дунё саодатига бўлган калит. Тўғри илм олишимиз муҳим. Ҳаммасини ёмон отлиқ қилсак, кимдан оламиз? Қаерга борамиз?

Менимча, диндорларнинг обрўсизланиши энг қўрқинчли нарса. Масъулиятни ҳис қилиш керак.

Гапирувчиям, эшитувчиям.
Учала шартни ҳам ўзида жам қилган олимларимиз ҳамма соҳада кўпайсин, уларга нисбатан қалбимиздаги шубҳалардан Аллоҳ сақласин.

Кахрамон Асланов

@MubashshirAhmad