Get Mystery Box with random crypto!

Энг ақлли тадбиркор, бу ўз сармоясини энг фойдали иш учун сарф | Мотивация

Энг ақлли тадбиркор, бу ўз сармоясини энг фойдали иш учун сарф қилган инсондир.
Сармоянинг энг муҳими, бу умрдир. Инсоннинг қўлида ҳар куни 24 соатлик умр сармояси бор. Бу соатларни ҳар дақиқасини қадрлаб, фойдали ишга йўналтириш, оқил кишининг ишидир.
Мен, беш-ўн минг сўм арзонроқ олайин деб, бу бозордан нариги бозорга бориб, ярим кунини сарф қиладиган инсонларга ҳайрон бўламан.
Яна шундай «ақлли» инсонлар ҳам борки, автобус пулини иқтисод қилишлик учун, ишга ёки ўқишга пиёда борадилар. Ажиб. Ана иқтисод. Ундан кўра, автобусда ўқишга бориб, иқтисод қилган ярим соатини 20 бет китоб ўқиш учун сарф қилган инсон иқтисодчироқ, ақллироқ эмасми?
Ярим ставка иш деган тушунча бор. Бунинг кўриниши хар ҳил бўлади:
15 кун иш, 15 кун дам,
1 ҳафта иш, бир ҳафта дам,
3 кун иш, 4 кун дам,
1 кун иш, бир кун дам,
Ёки ҳар куни пешингача иш... ва ҳоказо...
Лекин кўпчилик ўйлаб кўрмайдиган, кўринишидан тўлиқ, аслида «ярим ставка» ишлар ҳам бор. Масалан, бир соат иш, бир соат беиш. Ёки, ярим соат иш, ярим соат беиш. Ёки бўлмаса, ўн минут ишлайди, ўн минут ишламайди. Яна давом этамиз. Бир дақиқа ишлайди, бир дақиқа ишламайди. Ёки, ҳар икки сониянинг бирида ишламайди.... Улардан сўрасанг, уялмасдан: Тўлиқ ставка ишлайман, дейдилар.
Саккиз соатлик иш вақти бўлган бир корхонани олайлик. Ишчилар бир хил маҳсулот чиқарадилар. Бир ҳил шароитда ишлайдилар. Маош келишуви: ишбай. Иккита бир хил иш бажарадиган ишчи бор. Бири баъзан иккинчисидан деярли икки баробар кам ҳақ олади. Нега? Бунинг сири шу: Биринчиси вақтининг ҳар сониясининг қадрига етади. Яъни, иш вақтининг ҳар сониясида ишлайди. (Буни спортчилар яхши англайдилар.) Иккинчиси эса дақиқаларга ҳам бепарво бўлади.
Энди ўша икки ишчи маошларини вақтбай ҳисобида оладиган корхонада ишлаганларидачи? Нима бўларди? Бир ҳил маош олган бўлардилар. Чунки, бир вақтда ишга келадилар. Бир хил вақтда кетадилар-ку. Йўқ. Бундай ҳолатда, сонияларнинг ҳам қадрига етадиган ишчи учун адолатсизлик қилинган бўлар эди. Ёки, дақиқаларини бесамар ўтказган ишчи, корхонага нисбатан ҳақсизлик қилган бўларди.
Қўл остидаги инсонларга нисбатан адолат билан муомала қилишлик қанчалик қийин-а?!
Умрининг ҳар сониясини исроф қилмаган инсонларга саломлар бўлсин!
Эй иқтисодчи дўстим! Шуни унутма: Иқтисод қилишлик, бу кам сарф қилишлик, дегани эмас! Иқтисод қилишлик, ҳар нарсани ўз ўрнида сарф қилишлик деганидир. Аллоҳнинг коинотнинг тасарруфидаги феълларига боқ. Саноқсиз махлуқотларининг бир заррасида ҳам исроф йўқдир.
Имоми Аъзам (р.а.) шундай дейдилар:
«Исрофда яхшилик бўлмаганидек,
Яхшиликда ҳам исроф йўқдир!»


Shoolim Shomansur

@motivatsiya_oz
https://t.me/motivatsiya_oz