Get Mystery Box with random crypto!

Сергей Довлатов деган яхши ижодкор ўтган. Унинг “Компромисс” д | Mirzo Zominiy

Сергей Довлатов деган яхши ижодкор ўтган. Унинг “Компромисс” деган мемуарсифат бир китоби бор. Унда Довлатов советлар даврида Эстонияда ўзининг журналистлик фаолияти ҳақида ёзади. У 1973 йили ноябрь ойида “Советская Эстония” газетасида “ИЛМИЙ АНЖУМАН” деган хабари чиқади:

“Саккизта мамлакат олимлари Скандинавия ва Финляндияни ўрганиш бўйича еттинчи анжуманда қатнашиш учун Таллинга келишди. Улар СССР, Польша, Венгрия, ГДР, Финляндия, Швеция, Дания ва ГФРлик мутахассислардир. Анжуманда олти шуъбада иш олиб боришади. 130 нафардан ортиқ олимлар, шу жумладан, тарихчилар, археологлар, лингвистлар — турли маъруза ва ахборот билан чиқиш қилишади. Анжуман 16 ноябргача давом этади”.

Газетада шу хабар чиқади. Муаллиф шу хабарнинг дунёга келишини ёдга олади:

“Анжуман Политехника институти бўлиб ўтди. У ерга бордим, суҳбатлашдим. Беш дақиқа ўтар-ўтмас хабар тайёр эди. Материални котибиятга топширдим. Кўп ўтмай мулойим-хунук муҳарриримиз Туронок пайдо бўлди. У уятчан нобакор хилидан эди. Аммо бу гал авзойи анча бузуқ эди:

— Сиз ўта қўпол ғоявий хатога йўл қўйибсиз?
— ?
— Сиз қатор давлатларни санабсиз...
— Нима, мумкинмасми?
— Мумкинам, керак ҳам. Гап сиз уларни қандай санаганингизда! Қандай кетма-кетликда санаганингизни биласизми!? Материалда аввалига Венгрия, ГДР, Дания, кейин — Польша, СССР, ГФР...
— Тўғри, алфавит бўйича келтирдим.
— Синфий нуқтаи назаридан мутлақо нотўғри ёндашув. Бу борада қатъий қоида бор. Аввал демократик давлатлар қўйилади. Сўнг бетараф давлатлар ва шундан сўнг блок иштирокчилари!..
— О’кей!, дедим.

Хабарни қайтадан ёзиб, котибиятга топширдим. Эртасига яна Туронок олдимга югуриб келди:

— Сиз, нима, устимдан кулаяпсизми?
— Яна нима бўлди?
— Халқ демократик давлатларни чалкаштириб юборибсиз? Хабарингизда ГДР Венгриядан кейин келаяпти. Яна алфавит бўйича қилдингизми? Унутинг бунақа бетайин қоидани! Сиз партия нашри ходимисиз! Венгрия учинчи ўринга қўйилиши керак. У ерда путч (давлат тўнтариши) бўлган!
— Германия билан эса урушганмиз...
— Мен билан баҳслашманг! Нега тортишаяпсиз!? Бу бошқа Германия, мутлақо бошқа! Ҳайронман, ким сизга бу ишни ишониб топширди!? Сиёсий хомсиз! Маънан бўшсиз! Масалани ҳали кўтариб чиқамиз...

Хабар учун менга икки рубль тўлашди, рости, уч рубль беришса керак, деб ўйлагандим..."

***
Нега бу воқеани эсладим. Бизнинг мустақил 25 йиллик тарихимизда ҳам хабарларда давлатларни санашда шунақа қоида қўлланилар эди. Масалан, мустақиллик байрами арафасида ЎзАда Президент номига келган табрикномаларни жойлаштирилишига қараб Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги дўсту душманини билиб олиш мумкин бўлар эди... Масалан, АҚШ, Россия, Хитой раҳбаридан келган мактуб — дода раҳматлининг ўша пайтдаги кайфияти (кимни яқин, кимни узоқ олиши ёхуд кимни нейтрал билиши)га қараб кетма-кетликда жойланарди. Вазиятга қараб у АҚШ бўлар, баъзан Россия ҳам биринчиликка чиқарди, Хитой ҳам ҳар доим жой талашар эди. Туркия умуман саналмасди.