2022-07-19 16:45:15
Шунчаки танишмиз анчадан бери,
Шунчаки бош силтаб қўямиз кўрсак.
Салом ва аликдан ўтмаймиз нари,
Бемажол хўрсиниб қўяди юрак.
Кўнгил манзилининг энг балан ери,
Ўша ғурурларнинг энг ғурури биз,
Шунчаки яшаймиз минг йилдан бери,
Тунларга қарз бериб соғинчларимиз!
Ёнимдан ўтасан савлатинг тўкиб,
Бахтиёр эканинг қилиб намойиш.
Аммо мен биламан ғамларга бўкиб,
Меҳр исташингни маҳзун, фаромуш!
Ёнингдан ўтаман, юзим тўла нур,
Офтоб чарақлайди кулгуларимда.
Аммо биласанми, бу кўнгил қурғур,
Индамай яшайди қайғуларимда!
Шундай яшаймиз биз, тирикмиз шундай.
Шундай бораяпди умримиз тугаб.
Биримиз Ой кўкка чиқмаган тундай,
Биримиз қор ёққан Бахорга ўхшаб!
Энг қизиғи шуки, иккаламиз ҳам,
Ғиринг деб қисматдан қўймаймиз нолиб.
Бир йўлдан қайтамиз...
Сен қайдан, билмам,
Мен ўғлим, қизимни боғчадан олиб...
59 viewsЗиядуллаевна, 13:45