Get Mystery Box with random crypto!

МАРТГА ҚАРАБ БОРЯПМИЗ Мартга қараб боряпмиз, моҳим, Қорлар қа | Oddiy fikrlar

МАРТГА ҚАРАБ БОРЯПМИЗ

Мартга қараб боряпмиз, моҳим,
Қорлар қандай эрияпти, боқ.
Ортилгандек менинг гуноҳим,
Мунғаяди бунча Бойсунтоғ...
Мартга қараб боряпмиз, гулим,
Ниҳоя бор музлашимизга.
Бойчечаклар ер остида жим,
Интиқ ётар излашимизга.

Биз бахтиёр эдик барибир,
Энтикаман эслаган оним.
Баҳор келар – бағри тўла сир,
Мартга қараб боряпмиз, жоним.
Нега ҳануз нигоҳингда муз,
Бу фаслдан ким бездирди, ким?
Ҳамма мартга боряпти-ю, биз
Ортга қараб боряпмиз, жоним...

Ким бахтли, деб сўрама, асли
Бахтни кутиб ётмаган бахтли.
Қақшатувчи қаҳратон фасли
Сира совуқ қотмаган бахтли.
Ишқ изҳори битган хатини
Ёр қўлига тутганлар бахтли.
Музламаган муҳаббатини
Мартга олиб ўтганлар бахтли!

Жўрабек Рамазон
@Mantiqsiz_fikrlarr